Осиё-Тинч океани саммити доирасида АҚШ президенти Барак Обама хитойлик тадбиркор, миллиардер ва Alibaba Group (Aliexpress интернет-майдонига эгалик қилади) директорлар кенгаши раиси Жек Мага бир нечта савол билан мурожаат қилди, дея хабар бермоқда Reuters.

Суҳбат жараёнида Обама Мадан давлат бизнесини ривожлантириши учун ёш тадбиркорларга қандай қилиб ёрдам бериши мумкинлигини сўради. “Давлат билан ҳаммаси оддий: улар учун солиқлар миқдорини камайтириш ёки бутунлай бекор қилиш керак”, - деди хитойлик тадбиркор. Давомидан Жек Ма Alibaba Group`нинг янги бозорлар, жумладан, Бразилия ва Россияга сармоя киритиш тўғрисидаги режаларига тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Жек Ма Alibaba Group олти йил давомида ҳар йиллик даромадининг 0,3 фоизини глобал иқлим ўзгариши муаммоларини ечишга қаратилган изланишларни олиб бораётган ёш олимларга кўмак кўрсатиш учун ажратишини маълум қилди.