"Барселона" футболчиси Жерар Пике ва унинг маҳбубаси бўлмиш қўшиқчи Шакирага уларнинг собиқ ходими томонидан товламачилик уюштирилгани ҳақидаги хабар футболчининг вакили томонидан инкор этилди. Бу ҳақда Daily Mirror хабар тарқатган.

Бироз олдинроқ Бразилиядаги нашрлар номаълум шахс ушбу жуфтликнинг интим видеоларига эга экани ва бундай видеоларни оммага ошкор қилиб юбормаслик учун пул сўраётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Хабарларда бу шахс Пике ва Шакиранинг собиқ хизматчиси бўлиши мумкинлиги айтиб ўтилган.

"Бу хабарлар ёлғон", дея муносабат билдирган Пикенинг вакили.

Қайд этиш керакки, шунга ўхшаш ҳолат Франция терма жамоаси аъзоси Матью Вальбуэна билан содир бўлган. Унга товламачилик қилганлар орасида футболчининг терма жамоадаги сафдоши Карим Бензема ҳам борлиги гумон қилинмоқда. Футболчининг ўзи ҳам терговда бу ишга аралашиб қолганига иқрор бўлган.

Вальбуэна 20 ноябрь куни судда кўрсатма беради.