Парижда содир этилган терактлардан сўнг, дунёнинг кўпчилик давлатларида бўлганидек, Қозоғистонда ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда. Бу ҳақда КТК телеканали хабар бермоқда.

Жумладан, республиканинг барча аэропортларида йўловчилар, кузатувчилар ва борт кузатувчилари тўлиқ текширувдан ўтказиладиган бўлди. Олмаота аэропортида навбатчи полициячилар миқдоир 4 баробарга кўпайтирилди, шунингдек, портловчи моддаларни топа оладиган ит хизматга жалб қилинди. Оқтовда оёқ кийимини сканердан ўтказадиган махсус машина ишга туширилди.

Хавфсизлик чоралари Олмаота метросида ҳам кучайтирилди. “Метрополитен” корхонаси директори Ойдин Ўрозхоновнинг сўзларига қараганда, метро бекатларида юкларни сканердан ўтказувчи рентген ва телевизион қурилмалар, портловчи моддаларни фош этиб бера оладиган “Тайфун” портатив ускуналари ўрнатилмоқда.

Бу қурилмаларни харид қилишга 150 млн танга сарфланди. Айни пайтда метронинг 9 бекатида бундай қурилмалар ишлаб турибди.