WSJ агентлиги тарқатган хабарга кўра, Париж терактлари содир бўлган кунда "Стад де Франс" стадионига кирмоқчи бўлган ва стадион ичида портлаш содир қилишни режалаштирган террорчини тўхтатиб қолган шахс чиқиши араблардан бўлган Зоҳир исмли мусулмон қоровул назоратчи эди. Хабарларда айтилишича, агар у бўлмаганида терактлар қурбонлари сони жуда кўп бўлиши мумкин эди.

Маълум бўлишича, ушбу қаҳрамон футболчиларнинг кийим алмаштириш хонасига олиб борадиган туннелда ишлаган. Террорчи худкуш ўзини кечикиб қолган томошабин сифатида кўрсатиб, ўша туннелдан ўтмоқчи бўлган.

Террорчининг баҳоналарига ишонмаган Зоҳир уни ўтказмаган. Мунозара вақтида террорчининг кийими остидаги портлатиш ускунаси кўриниб қолган. Террорчи турникетга қараб қочган, у ерда эса полиция уни тўхтатган. Шу маҳалда портлаш юз берган ва у билан бирга ўша полициячи ҳам ҳалок бўлган. Уч дақиқадан сўнг террорчининг шериги уюштирган яна бир портлаш содир бўлган.

Терговнинг талқинига кўра, мусулмон қоровул тўхтатиб қолган террорчи футбол майдонида ўзини портлатишни режалаштирган эди. Ваҳимага тушган одамлар эса ташқарига чиққанида уларни яна икки террорчи кутиб туриши ва қирғин уюштирилиши мумкин эди.