Теракт хавфи туфайли Германия ва Голландия ўйини бекор қилинди

Спорт 18 Ноябрь 2015 1492

Ганновер шаҳрида Германия ҳамда Голландия терма жамоалари ўртасидаги ўтиши керак бўлган ўртоқлик ўйини бекор қилинди.

Маҳаллий полиция стадион яқинида шубҳали буюм топгани ҳақида хабар пайдо бўлгач, ҳудудга махсус бўлинмалар етиб келган.

Бундан бироз олдинроқ Ганновер полицияси бошлиғи Фолькер Клуве теракт уюштирилиши режалаштирилаётгани ҳақида айтиб ўтганди.

Ўйинга бир неча соат қолганда стадиондан шубҳали буюмлар топилган. Натижада барча эшиклар ёпилди ва стадионда эвакуация бошланди.

«АВД-Арена» стадионига яқин бўлган барча кўчаларда назорат кучайтирилган, стадионга келаётган футболчилар автобуси полиция назорати остида хавфсиз ҳудудга олиб кетилган.

Қайд этиш керакки, бу ўйинни томоша қилиш учун Германия канцлери Ангела Меркель келиши режалаштирилганди.

Ҳозирча, полиция ходимлари расман ҳеч нарсани маълум қилишмади.

Эслатиб ўтамиз, 13 ноябрь куни Германия терма жамоасининг Франция термаси билан Парижда ўтказилган ўртоқлик учрашуви вақтида "Стад де Франс" стадиони атрофида портлаш содир этилган. Шундан сўнг, Германиянинг Голландияга қарши ўйини ўтказилиши ҳам сўроқ остида қолганди.

Париждаги давомли терактлар қурбонлари сони 129 нафар, жароҳатланганлар сони 352 нафар бўлди. Шифохонадагиларнинг 99 нафари оғир аҳволда қолмоқда.

Кўпроқ янгиликлар