31 октябрь куни Мисрнинг Синай ярим оролида қулаган А321 лайнери бортида юз берган портлаш жараёнининг тахминий видеолавҳаси ишлаб чиқилди.

Унда кўрсатилишича, бомба самолётнинг юкхонасида портлайди. Портлаш юз берган вақтда самолёт 9000 м баландликда соатига 760 км тезлик билан учаётган бўлган. Портлашдан кейин самолёт иккига бўлиниб кетган, дум қисм парчаланган, олдинги қисм эса ҳаводаёқ айлана бошлаган.

Махсус хизматларга асосланиб хабар берилишича, тахминларга кўра самолёт бортига бомба Шарм-аш-Шайх аэропорти ходими томонидан ўрнатилган.

Эслатиб ўтамиз, 17 ноябрь куни Россия ФХХ А321 самолёти теракт туфайли қулаганини тасдиқлади. Россия президенти бу теракт ижрочиларини дунёнинг қайси нуқтасидан бўлса ҳам топишни ва қаттиқ жазолашни ваъда қилган.

Кеча, 18 ноябрь куни ИШИД А321 самолёти бортига ўрнатилган портловчи қурилма суратини намойиш қилди.

31 октябрь куни Шарм-аш-Шайхдан Санкт-Петербургга учаётган самолёт қулаши натижасида 224 киши ҳалок бўлганди.