Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Қўқон педагогика институти талабаси Мўминжон Сиддиқовни диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғоялари мавжуд материалларни тарқатганликда айблаб қўлга олди.

12news.uz`нинг республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмаларидаги ахборот манбаси маълумотига асосланиб хабар қилишича, Сиддиқов дастлаб интернетдан “жиҳод” ва динлараро нифоққа даъват қилувчи имом Рафиқ Камоловнинг маърузаларини ўз телефонига юклаб олади.

“Кейинроқ эса ижтимоий тармоқлардан бирида ўзига профил очиб, диний мавзуда маълумотлар қолдиришни бошлайди. Унинг бир нечта “виртуал дўстлари” ўзларининг диний оқимига аъзо бўлишни таклиф қилади, Мўъминжон бунга рози бўлади. Сиддиқов 10дан зиёд профил эгалари билан жиҳод, халифалик кўринишидаги давлат қурилиши ҳақида ёзишмалар олиб бориб, жиҳод қилиш ғояларини қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, бир неча профил эгалари билан ўз гуруҳини кенгайтиришга келишиб олишади. У тармоқдан ташқарида ҳам атрофдагиларни жиҳод қилиш, халифалик ташкил этишга қизиқтиришни бошлайди. Ўзбекистон туманида яшовчи фуқаро Давлатжон Баратовнинг телефонига диний чиқишлар матнини ёзиб бериб, уни ўз сафига қўшилишга даъват қилади. Бир неча шахсларга профиллар очиб бериб, “Бенамозни ким деб атаймиз” дея статус қолдиради”, - дея ўз сўзига якун ясайди агентлик суҳбатдоши.