"Euronews" Бухоро ҳунармандлари ҳақидаги репортажни намойиш этишни бошлади

Маданият 19 Ноябрь 2015 2110

Euronews телеканалида 16 ноябрь кунидан «Uzbekistan life» дастурининг «Ўзбекистон ҳаёти: Зардўзлик, ҳунармандчилик ва Бухоро гиламлари» деб номланган янги қисми эфирга узатилиши бошланди. Бу ҳақда «Ўзбектуризм» миллий компанияси матбуот хизмати хабар берди.

Янги репортажда қадимий Бухоро шаҳрининг Буюк Ипак йўлидаги муҳим ўрни, шаҳар орқали ўтган карвонлар бу ўлкадаги савдо-сотиқ ривожига ҳисса қўшгани, натижада ҳунармандчиликнинг турли соҳалари тараққий этгани ҳақида ҳикоя қилинади.

Томошабинлар эътибори биринчи навбатда Бухоро гиламчилигига қаратилади. Репортажда Бухоро гиламлари ўз сифати ва дизайни билан алоҳида ажралиб туриши қайд этилади. «Life» дастури бошловчиси гилам тўқувчи аёл хонадонида меҳмон бўлиб, Бухоро гиламларининг яратилиш сирлари ҳақида ҳикоя қилган.

Шунингдек, ижодкорлар Бухорода наслдан наслга ўтиб келаётган кулолчилик санъати ҳақида репортаж тайёрлашган. Кўрсатувда Бухоронинг энг олди кулолларидан бири Абдулла Нарзуллаев ўз санъати ҳақида гапириб беради.

Унга кўра, Бухоро кулолчилигида 100дан ортиқ хилдаги ҳунармандчилик буюмлари ясалиши эътироф этилади.

Зардўзлик санъатига бағишланган репортажда эса Дилноза Тошева чиқиш қилади ва ўзининг тўқимачилик санъатидаги баъзи сирларни аён этади.

Қайд этиш керакки, бу телеканал томонидан Бухоро шаҳри ҳақида илк марта репортажлар тайёрланиши эмас. Бундан олдин "Бухоро: Буюк Ипак йўлидаги анъаналар замонавий сайёҳлар учун" ҳамда "Олтин Бухоро: савдогарлар ва ҳунармандлар шаҳри" каби кўрсатувлар эфирга узатилганди.

Йил охиригача телеканал орқали Термиз шаҳрининг меъморий обидалари ҳақидаги репортаж эфирга берилиши кутилмоқда.

Дунёнинг 155 мамлакатига 13 тилда узатиладиган Euronews орқали эфирга кетган Ўзбекистон ҳақидаги барча кўрсатувларни телеканал сайтидан топиш мумкин. Улар «Ўзбектуризм» билан ҳамкорликда тайёрланмоқда.

Қуйида телеканалда Бухоро ҳақидаги кўрсатувлар узатилаётган эфир вақтлари кўрсатилган.

Кўпроқ янгиликлар