Бельгия ҳукумати Франция расмий Брюсселни Париждаги қўпорувчилик ҳаракатларида ноҳақ айблади, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Financial Times нашри хабар берди.

Мамлакат бош вазирининг дипломатик маслаҳатчиси Шарл Мишел француз элчисига Бельгия томонининг эътирозларини етказган. Мазкур масала Брюсселга чегарадош Моленбек туманида Париждаги қўпорувчилик ҳаракатларини содир этган уч жангарининг ватани бўлгани билан боғлиқ равишда кўтарилди. Ўз навбатида Бельгия учта гуруҳнинг биттасигина Моленбек билан боғлиқлигини таъкидлаб, Франция экстремизмга қарши курашдаги етишмовчиликларини бекитиш учун Бельгия камчиликларини кўрсатишга уринаётганини қайд этди.

“Биз терроризм ва радикализм Бельгияда ўз манбаини топганини инкор этмаймиз. Бироқ Франция ҳам ўз муаммоларини ҳал қилиб олиши керак”, - деди бельгиялик амалдор.

Қайд этилишича, Бельгия махсус хизматлари ҳужум қилувчиларнинг шахсини аниқлаш ва улар ортидан кузатиш бўйича самарали ишлашини кўрсата олган. Шундай бўлишига қарамасдан, Франциянинг махсус хизматларга кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдириш ўрнига терактларда Брюсселни айблашга урингани Бельгия бош вазирининг норозилигини уйғотди.

Бельгиялик амалдорларнинг сўзларига кўра, 16 ноябрь куни Франция президенти Франсуа Олланд ўз нутқи вақтида Бельгияга тергов ишларида қатнашгани учун миннатдорчилигини билдириши керак эди, аммо бу ҳақда эслаб ҳам ўтмаган.