Халқаро иқтисодий форум Global Gender Gap 2014 халқаро гендер тенглиги индексини эълон қилди. Унда дунё миқёсида аёллар ва эркаклар тенглиги қай даражада таъминлаб берилаётгани кўрсатилди. Рўйхат 124 давлатнинг кўрсаткичларини қамраб олди.

Тадқиқот натижаларига кўра, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ишлар энг яхши Исландияда йўлга қўйилган. Унинг рейтинги 0.8594 баллни ташкил қилди.
Иккинчи ва учинчи ўринларни Финляндия ва Норвегия эгаллади. Ўнликка, шунингдек, Швеция, Дания, Никарагуа, Руанда, Ирландия, Филиппин ва Бельгия кирди.
Охирги ўринни 0.5145 балл билан Яман эгаллади. Ундан бироз юқорироқ натижаларни Покистон ва Чад кўрсатди.

Рейтингда Беларусь 32-ўринни эгаллади. Бу МДҲ давлатлари ичида энг яхши натижа бўлди. Қиёс учун, Украина 56, Россия 75, Озарбайжон 94, Арманистон 103-ўринга қўйилди.
Ўрта Осиё минтақасига келсак, Қозоғистон 43, Қирғизистон 67, Тожикистон 102-ўринларга эга бўлди.