Германиянинг Magna Mana Productions кинокомпанияси Ўзбекистон ҳақида ҳужжатли фильмни тасвирга олмоқда. Бу ҳақда ЎзЭОАВМА Халқаро бўлими мутахассиси Наргиза Бобомуродова маълумот берди.

“Ўзбекистон – афсонавий ўлка” номли ҳужжатли фильмни “Мега-инфо-тур” дастури доирасида Magna Mana Productions/Minework Films кинокомпанияси ЎзЭОАВМА билан ҳамкорликда суратга олмоқда, - унинг сўзларини келтиради “Даракчи” нашри. – Мазкур ҳужжатли фильмни олишдан мақсад – Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятларини Германия, умуман, Европа мамлакатларига янада яққолроқ кўрсатиш, таништиришдир. Қолаверса, юртимизнинг моддий-маънавий мероси, маданияти аниқ фактлар билан очиб берилади”.

Мазкур ҳужжатли фильмнинг маълум бир қисми Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Хива шаҳарларида тасвирга олинди. Аммо суратга олиш жараёни тугагани йўқ.