АҚШнинг учувчисиз аппаратлари бераётган зарбалар тинч аҳолининг ўлимларига сабаб бўлиб, ИШИДга ёрдам бермоқда. Бу ҳақда The Guardian нашри ёзмоқда.
Айтилишича, АҚШнинг 4 нафар собиқ зобити президент Барак Обамага мактуб йўллаган. Унда ҳарбийлар тактикани қайта кўриб чиқишга чақирган.

Уларнинг фикрича, амалдаги ҳарбий тактика нафрат туйғуларини келтириб чиқариб, террорчиликнинг янада авж олишига омил бўлмоқда. Хусусан, экспертларнинг хулосаларига кўра, дронлар зарбалари оқибатида айбсиз инсонларнинг ўлдирилиши террорчилар сафларига янад кўпроқ одамларнинг қўшилишига олиб келмоқда.

“Хорижда учувчисиз дронлардан фойдаланиш дастури қандай ҳалокатли оқибатларга олиб келаётганини била туриб, жим тура олмаймиз”, - дейилади мактубда.
Махфий ҳужжатларга таянилиб айтилишича, дронлар бераётган зарбаларнинг 90 фоизи белгиланмаган объектларга тўғри келмоқда. Номаълум қурбонлар эса “жангда ўлдирилган душманлар” сифатида кўрсатилади.

Тўрт ҳарбий хизматчидан бири Брэндон Брайант дронлар технологиясига қарши эмаслигини, аммо уни ақл билан ишлатиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
“Биз бугунги аҳволида дастур нотўғри қўлланаётганини, унда шаффофлик йўқлигини, биз бошқача ечимларга очиқ бўлишимиз кераклигини яхши тушунамиз”, - таъкидлади у нашрга берган интервьюсида.

Таъкидланишича, Обама даврида дронлар бераётган зарбалар сони сезиларли даражада ортган. 2019 йилга келиб эса Пентагон дронларнинг кундалик рейслари сонини 50 фоизга оширмоқчи.