ИШИД террорчилик гуруҳи Анталияда 15-16 ноябрь кунлари ўтказилган G20’га аъзо давлатлар етакчилари саммити вақтида терактлар уюштирмоқчи бўлган, деб хабар бермоқда маҳаллий телеканалга иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

Анқарада 10 октябрда уюштирилган терактни тергов қилиш доирасида прокуратура гумон қилинувчиларнинг компьютерларида ИШИД саммит вақтида терактлар уюштиришга тайёргарлик кўргани ҳақидаги маълумотларни аниқлаган. ИШИД G20 етакчилари тўхтаган меҳмонхоналарда, сайёҳлик мажмуалари ва тунги клубларда худкушлар иштирокида терактлар уюштирмоқчи бўлган. Бу маълумот хавфсизлик бошқармасига берилгандан кейин, бир қатор гумонланувчиларни қўлга олиш бўйича операциялар ўтказилган. Бундан ташқари, террорчилар 1 ноябрда Туркияда парламент сайловлари ўтказилишига халақит бериш мақсадида бир қатор терактлар уюштиришни режалаштиришган.

Маълумот учун, Туркияда 10 октябрда мамлакат тарихидаги энг йирик теракт содир этилган эди. Икки нафар террорчи-худкуш тинч намойиш олдидан портлашлар уюштирган. Охирга маълумотларга кўра, теракт оқибатида 103 киши ҳалок бўлган.