Суриядаги ихтилоф – ҳам фуқаролик уруши, ҳам “ташки кучларнинг қўли билан олиб борилаётган уруш”дир, деб айтди АҚШ Давлат котиби Жон Керри Вашингтонда дипломатик хавфсизлик масалалари бўйича ўтган анжуманда.   

“Бунга чек қўйиш керак”, деб айтди Керри. Керрининг фикрича, ихтилофни ҳал қилиш истиқболларини Вашингтонда бошланган кўп томонлама дипломатик жараён очиб беради. Керрининг айтишича, бу жараёнда “биринчи марта умумий стол атрофида барча манфаатдор томонлар йиғилди”.  

Керри АҚШ ҳарбийларининг ИШИДга қарши кураши муваффақиятлари ҳақида гапириб, “охирги кунларда АҚШ террорчилик гуруҳининг нефтдан оладиган даромадларига қарши курашни бошлаганига” ишора қилди. “Биз 161 та нефть ташувчи цистернани йўқ қилдик. Ва бу давом этади. Бу Ироқ ва Туркияга барча ноқонуний нефть етказиб беришларга қарши уруш бўлади, жангариларнинг бундан олаётган даромадлари юз миллионлаб долларни ташкил қилмоқда”, деб қўшимча қилди Керри.

Керри, шунингдек, АҚШ ИШИДга қарши курашда бошқа давлатлар билан яқиндан ўзаро ҳаракат қилишга умид билдираётганини айтди. “Биз охирги икки кун ичида Россия ва Франция Сурияда ИШИД позицияларини бомбардимон қилишни кучайтирганини кўрдик ва биз террорчиларга қарши янада кўпроқ ўзаро ҳаракатларни кўрамиз”, деб айтди Керри, бироқ гап қайси ҳаракатлар ва давлатлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади.