ИШИД томонидан Россиянинг Airbus A321 авиалайнерини портлатишда қўлланилган дея даъво қилинаётган бомба тузилишига кўра 1999 йилда Москва шаҳрида содир этилган қўпорувчилик ҳаракатда ишлатилган портловчи ускунага ўхшайди. Бу ҳақда 19 ноябрь куни “Коммерсантъ” нашри ёзмоқда.

Портловчи ускуналар бўйича мутахассиснинг нашрга маълум қилишича, жангарилар эълон қилган фотосуратда бомбани йиғиш учун зарур бўлган барча қисмлар тасвирланган. Уни портлатиш учун стандарт Собиқ Иттифоқ электродетонатори намунасидан фойдаланилган, шунингдек, хўжалик мақсадларидан қўлланиладиган Хитой электр ёқувчиси ва бошқалар ишлатилган.

Нашрнинг қайд этишича, қурилмани бортга террористларнинг Шарм-аш-Шайх аэропортидаги рейслар ўртасида самолётга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган маслакдошлари етказган бўлиши керак. Экспертларнинг тахминларига кўра, бомба ўнг бортнинг охирги қаторида ўриндиқлар орасида, йўловчилар герметик салонида ҳаракатга келган. Айнан шу ерда ташқи қопламада портлаш келтириб чиқарган 80 сантиметрга 1 метр ҳажмдаги тешик пайдо бўлган. Портлаш салондаги герметизация (ҳаво кириб-чиқмайдиган) ҳолатини бузган ва самолёт парчаланишини келтириб чиқарган.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 31 октябрь куни Россиянинг "Когалимавиа" авиакомпаниясига тегишли Airbus-321 лайнери парвозга кўтарилгандан 23 дақиқа ўтиб ҳалокатга учраган эди. Мазкур самолёт бортидаги 217 нафар йўловчи ва етти нафар экипаж аъзосининг барчаси ҳалок бўлди. 16 ноябрь куни ФХХ мазкур фалокатга теракт сабаб бўлганини тасдиқлаб, ушбу жиноятга алоқадор шахслар ҳақида маълумот тақдим этганларга 50 миллион доллар миқдорида пул мукофоти берилишини эълон қилди.

Россия президенти Владимир Путин эса террористларни сайёранинг ҳар қандай нуқтасидан бўлса ҳам топиб, жазолашга ваъда берди.
1999 йилнинг 9 сентябрь тунида Москванинг Гурьянова кўчасида кучли портлаш содир этилган эди. Натижада 106 киши ҳалок бўлган, 264 фуқаро турли даражада жароҳат олган. Орадан тўрт кун ўтиб Каширский шоссесида ҳам портлаш содир бўлган, бу сафар 124 киши ҳаётдан кўз юмган.