2015 йилнинг 9 ноябрь куни Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасидаги қабул маросимида элчи Жак-Анри Эльс Франция маданият ва коммуникациялар вазири Флёр Пеллерэн номидан Ўзбекистоннинг икки фуқаросига “Санъат ва адабиёт соҳасидаги хизматлари учун” ордени кавалерининг белгилари билан мукофотлади.

Реставрация соҳасига ихтисослашган меъмор Зоиршо Қиличев “Буюк Ипак йўлидаги карвонсаройлар” Франция-Ўзбекистон уюшмасининг асосчиларидан биридир. Бу уюшма Бухородаги бир мадраса ва икки карвонсаройни реставрация қилган.
Тошкент архитектура-қурилиш институтининг собиқ ректори Толиб Низомов Версаль олий архитектура миллий мактаби билан алоқаларни йўлга қўйиб, ҳамкорлик доирасида талабалар ва ўқитувчилар алмашишни амалга оширган арбоблардан биридир.

Орден Франция ва бошқа давлатлар фуқароларига санъат ва адабиётни ривожлантириш йўлидаги хизматлар учун топширилади. Бугунги кунга қадар бу мукофотга Ўзбекистоннинг икки фуқароси сазовор бўлган эди – Наталья Мусина ва Мариника Бабаназарова.