Россия Федерациясига кириш учун қўйилган тақиқни қандай бекор қилиш мумкин?

Жаҳон 19 Ноябрь 2015 14614

Россия Федерациясига кириш учун тақиқ (запрет на въезд), депортация (мажбурий чиқариб юбориш), мамлакатдан маъмурий чиқариб юборишни (административное выдворение-суд қарорига кўра мамлакатдан маъмурий тарзда чиқариб юбориш ҳолати) бекор қилиш ишлари икки йўналишда амалга оширилади:

1. Сизга нисбатан ноқонуний ёки асоссиз тақиқ қўйилиши, депортация, мамлакатдан маъмурий чиқариб юбориш чораси кўрилиши, сизга нисбатан хатоликка йўл қўйилиши ёки сиз ҳақингизда нотўғри маълумотларга эга бўлиш (чегарани кесиб ўтиш, меҳнат фаолияти, яшаш муддатининг узайтирилиши билан боғлиқ маълумотлар) оқибатида юзага келиши мумкин.
Тақиқни бекор қилиш учун сиз томондан ҳужжатларни ёки сиз қонун бўйича иш қилганингизни тасдиқловчи маълумотларни тақдим этиш зарур.

2. Тақиқнинг бекор қилиниши турли қонунчилик актларида кўзда тутилган бир ёки бир неча асосларга таянилган ҳолда амалга оширилади:

  • *РФ ҳудудида яшаётган яқин қариндошларнинг мавжудлиги. Уларга қонуний никоҳдан ўтган эр-хотин, фарзандлар (ўз фарзанди ёки боқиб олинган фарзанд), ота-она, ака-ука ва бобо-бувилар киради;
  • *Тоға, хола, амаки, амма, жиян ва уларнинг фарзандлари яқин қариндошлар сафига кирмаслигига эътибор беринг!
  • *Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини юритишга доир ҳужжатлар мавжудлиги (амалдаги патент, ишга рухсатнома кўзда тутилади);
  • *Вақтинча яшашга рухсатнома (РВП) ёки ФМХ томонидан мазкур ҳужжат олиш учун ёзилган аризанинг қабул қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат, шунингдек, РФ да яшашга рухсатноманинг (Вид на жительство) мавжудлиги;
  • *РФ олий ёки ўрта махсус таълим даргоҳларида ўқиш. Таълим даргоҳи хусусий бўлиши мумкин, бироқ давлат аккредитациясидан ўтган бўлиши керак;
  • *РФ даги тиббий муассасаларида даволаниш ҳолати ёки тиббий ҳулосага кўра келажакда даволаниш зарурияти;
  • *Жазонинг ўта оғирлиги ҳолати. Айрим ҳолатларда чет эл фуқаросига нисбатан қўлланилган тақиқ, депортация ёки мамлакатдан маъмурий тарзда чиқариб юбориш чораси юқорида келтирилган сабаблардан ташқари ҳам бекор қилиниши мумкин. Бунинг учун фуқаро ўша жазо қўйилишига сабаб бўлган ҳуқуқбузарликдан бошқа ҳолларда қонун бузилишига йўл қўймаган бўлиши керак.

Диққат: Киришга қўйилган тақиқнинг бекор қилиниши (олиб ташланиши) учун юқорида келтирилган асослар ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши лозим! Давлат органлари ва суд фақат тайёр ҳужжатлар асосида иш юритадилар ва улар керакли маълумотларни йиғиш билан шуғулланмайдилар!

Киришга қўйилган тақиқни бекор қилиш учун суд ёки бошқа органларга мурожаат қилиш учун яна нималарни билиш лозим?

1. 2015 йил сентябридан бошлаб ФМХ ёки бошқа давлат муассасалари билан боғлиқ ишлар бўйича чет эл фуқароси номидан судга фақат олий юридик маълумотга эга шахс мурожаат этиши мумкин. Бунинг учун юрист номига рус тилида ишончнома тузилади. Ишончномада унинг ўзга шахсга ишончнома ўтказиш ҳуқуқи билан тузилганлиги қайд этилиши лозим. Бу ҳолатда қариндош-уруғингиз керак пайтда ишончномани бошқа керакли ҳуқуқшунос номига расмийлаштириш имконига эга бўлади.
2. Суд ёки бошқа органларда ҳуқуқингизни ҳимоя қилмоқчи бўлган ҳуқуқшунос чет эл фуқаросининг РФ даги миграция тарихи билан танишиб чиқиши лозим. Одатда ФМХ маълумотлар базасидан кўрсатмалар сўралади. Фақат шундан сўнггина ҳуқуқшунос киришга тақиқ, депортация ва мамлакатдан маъмурий тарзда чиқариб юбориш чорасини бекор қилишга асос борлигини аниқлайди.

3. Чегарани кесиб ўтиш, вақтинча яшаш ва РФ да меҳнат фаолиятини юритишга доир (миграция картаси, паспортнинг барча бетлари нусхалари, регистрация, ишга рухсатнома, патент, патент тўловлари ва бошқа) барча (эски ва ҳозирги) ҳужжатларнинг нусхалари бўлиши шарт.

4. Мамлакатдан маъмурий тарзда чиқариб юбориш чорасининг бекор қилиниши учун суд қарорининг нусхаси зарур.

5. РФ дан ташқарида берилган барча ҳужжатлар (юрист номига тузилган ишончномадан ташқари), уларнинг қайси тилда берилганидан қатъи назар (ҳаттоки улар рус тилида ёзилган бўлса ҳам) россиялик таржимон ва нотариус томонидан нотариал тасдиқланган бўлиши лозим.

6. Киришга тақиқ ёки депортация қарорини бекор қилиш учун чет эл фуқароси бу ҳақда маълумот олгандан сўнг уч ой муддатида судга мурожаат қилиши мумкин.

Ботиржон Шерматов, юрист – маслаҳатчи, “ЛексМобайл” МЧЖ раҳбари. Манба: uzbegim.info

Кўпроқ янгиликлар