72 ёшли ўзбекистонлик ҳар куни велосипедда 10 км йўлни босиб ўтмоқда

Жамият 19 Ноябрь 2015 2845

Қашқадарё вилоятидаги ўқувчилар эътиборни жалб қилувчи ҳодиса ҳақида ёзишди. Қуйида 72 ёшида ўзининг жисмоний ҳолати билан кўпчиликка ўрнак бўла оладиган зиёли ҳақида ҳикоя қилинади.

"Тўқсон минг километр дейсизми? Во, ажабо! Бу одамнинг сабру қаноати, бардоши ва матонатига қойил қолиш керак, деяпсиз, тўғрими? Ҳа, ҳақиқатда биз ҳам бу кекса инсоннинг ишга мунтазам велосепедда келиб-кетиши, бозор–учари-ю, дўсту жўралариникига ҳам шу техникада боришини эшитганимизда дастлаб ажабландик, кейин эса бу саъй-ҳаракатлар замирида катта ҳикмат яширин эканига ишонч ҳосил қилдик. Аслида биз Мурод бобонинг (кўринишига қараб, унга 72 ёш бермайсиз) спортда қўлга киритган бошқа муваффақиятлари ҳақида ёзмоқчи эдик. Тўғрироғи, унинг яхши футбол мутахассиси сифатида воҳамизда бу спорт турини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси, ҳозирги кунда ҳам Қарши давлат университетининг жисмоний маданият ва спорт кафедрасида ўқитувчи сифатида фаолият олиб бораётгани ҳақида қалам тебратмоқчи эдик. Бундоқ қарасак, университетдаги спорт мажмуаси ёнида бир нечта велосепед турибди. Улардан бири Мурод бобоники экан. Ишга велосепедда келасизми, десам, ҳа, 25 йилдан буён велосепед доимий ҳамроҳим. Кунига камида 10 километр йўл босаман. Ишга Худойзод маҳалласидан то Қарши шаҳригача ҳар куни велосипедда келаман, дедилар.

Тўғриси, бу инсоннинг тик қадди қоматига, чаққон ҳатти-ҳаракатига қараб ҳавасимиз келди. Етмиш икки ёшга қадам қўйган кекса кишиларнинг айримлари бел ёки оёқ оғриғидан шикоят қилишади. Баъзиларининг қўлида ҳассаси бор, ўзи мустақил юра олмайди. Ёки дори-дармон билан кун кўради. Мурод бобо эса касал бўлганини эслай олмайди. Қадамлари енгил, қадди қомати худди ёш одамларникидек. Буларнинг ҳаммаси спортга ошно тутинганлиги, мунтазам ҳаракатда экани ва велосепедда кўп юргани туфайли, десак хато бўлмайди. Тўғри, ҳаётимиз тобора фаровонлашиб бораяпти. Аксарият хонадонларда енгил автомобил бор. Унинг устига жамоат транспорти қатнови ҳам яхши йўлга қўйилган. Хўш, Мурод бобонинг автомобиль сотиб олига қурби етмайди, деб ўйлайсизми? Албатта, етади. Хоҳлаган русумдагисини сотиб олиши мумкин эди. Аммо...

-Велосипед минишимнинг бир нечта сабаблари бор, - дейди Мурод бобо. – Биринчидан, велосипед ҳайдаган кишининг оёқ ва бел мускуллари мунтазам ҳаракатда бўлади, туз йиғилмайди, умуртқа поғонаси касалликларига чалинмайди. Қўл ва бўйин мушакларида қон айланиши меъёрида бўлади. Бу биринчидан, иккинчидан қани ҳамма велосипедда юрса эди, дейман. Сабаби автомобиллар кўпайиб, ҳавонинг ифлосланишига олиб келаяпти. Бундан ташқари, йўлларимиздаги тирбандлик туфайли автофалокатлар содир этилмоқда. Яна бир жиҳати шундаки, маҳалламиздан Қарши давлат университетига “Дамас”да қатнаганимда ҳар куни 2 минг сўм сарфлаган бўлардим. Бу 1 йилда 720 минг сўм бўлади. Кўраяпсизми, велосипеднинг оила иқтисодиётига фойдасини?

Мурод бобо ёшлигидан спортга қизиққан ва ана шу қизиқишлари самараси ўлароқ 1960 йилда Тошкентдаги спортга ихтисослашган олийгоҳда таҳсил олган. Ўша пайтда Тошкент шаҳрининг “Старт” футбол жамоасида тўп сурган. Машҳур спорт шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев билан бир вақтда ўқиган ҳамда футбол ўйнаган. Кейинчалик у “Каршистрой” қурилиш ташкилоти қошида ташкил этилган футбол жамоасига бош мураббий бўлган. Жамоа бир қатор мусобақаларда муваффақиятли иштирок этган. Мана, 30 йилдан ошиқ вақт ўтаяптики, Муроб бобо Қарши давлат университи талабаларига жисмоний тарбия фанидан сабоқ бериб келаяптилар. Ўзини бир зум ҳам спортдан айро тасаввур қила олмайдиган бу инсон университетнинг жисмоний маданият ва спорт кафедрасида мудири лавозимида бир неча йил ишлаган. Университет қошида ташкил этилган “Талаба” футбол жамоасининг бош мураббийи сифатида ҳам катта ҳажмдаги ишларга бош-қош бўлмоқда. Мурод бобо қўл остида футбол сир-асрорларини пухта ўрганган ёш спортчилар бугунги кунда “Машъал”, “Насаф” ва “Шўртан” футбол клубларида тўп суришмоқда.

"Юртимизда президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаяпти, - дейди отахон. – Бугун ўзимнинг набираларимни кўз ўнгимга келтирганимда, уларнинг спортда катта ютуқларга эришишига қатъий ишонаман. Бунга ҳар бир маҳалла ва чекка қишлоқларда замонавий типда спорт мажмуалари қурилгани, жиҳозлангани ва мураббийлар билан таъминлангани албатта, муҳим омил бўлиб хизмат қилиши табиий. Биргина университетимиздаги спорт мажмуасини олайлик. Унда юзлаб ўғил-қизлар спортнинг волейбол, баскетбол, қўл тўпи, мини футбол ва стол тенниси каби турлари биалн мунтазам шуғулланишмоқда. Мен бугунги ёш спортчилар тимсолида Жаҳон ва Олимпиада ўйинлари чемпионларини кўргандай бўламан. Фарзандларимизнинг спортда улкан натижаларга эришаётгани ва бу муваффақиятлар йил сайин кенгайиб бораётгани мени жуда қувонтирмоқда".

Ҳа, Мурод бобо бутун умрини спортга бахшида этди. Ҳаётни спорт, спортни эса ҳаёт деб билди. Унинг меҳнати ва саъй-ҳаракати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. Отахон кўксини “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 20 йил” кўкрак нишони безаб турибди. Бундан ташқари, Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан отахонга “Футбол фахрийси” унвони берилган. Буларнинг барчасига кекса спортчининг шу азиз ватанга, ўзи туғилиб ўсган муқаддас заминга бўлган меҳру муҳаббати, садоқати туфайли эришган, десак сира хато бўлмайди.

Фахриддин БОЗОРОВ.

Кун янгиликлари
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида ҳаммага тенг шароит яратилиши керак
22:00 / 16.08.2017 6768 Ўзбекистон
Дори қути ортига яширинган сир: тиббиётдаги яна бир "ўйин” фош этилди
17:20 / 16.08.2017 56875 Жаҳон
Ўзбекистон 2019 йилдан хорижга чиқиш паспортларини жорий этади
17:00 / 16.08.2017 37861 Ўзбекистон
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 38835 Lifestyle
Диққат, огоҳ бўлинг! «Мен Мажбурий ижро бюросиданман»
11:10 364 Жамият
Асака туманида тергов идорасидан яшириниб юрган шахс қўлга олинди
11:09 149 Жамият
Ахборот технологиялари вазирлигининг ҳарбий хизматчилари суғурталанади
Хорижлик сайёҳлар учун виза тартиботлари босқичма-босқич соддалаштирилади
Солиқ ва молия органлари раҳбарларига устама ҳамда жарималар миқдори тасдиқланди
«Барселона»: Биз улар билан шартнома имзолашга яқинмиз
10:56 1120 Спорт
Кўпроқ янгиликлар