Америкаликларнинг кўпчилик қисми АҚШга суриялик қочқинлар келишини ёқлаб чиқмайди. Бу ҳақда ўзи ўтказган сўровнома натижаларига кўра Washington Examiner нашри ёзмоқда.
АҚШ президенти Барак Обама мамлакатга 10 минг қочқинни кўчириш борасидаги режани илгари сурган эди.

Лекин бу режа фуқароларнинг каттагина қисмига маъқул эмас кўринади.
Жумладан, респондентларнинг 53 фоизи дастурни тўхтатиш керак деб ҳисобласа, 11 фоизи уни мамлакат фақат христиан динига мансуб сурияликларни қабул қилсагина амалга ошириш керак деб ўйлайди. 28 фоиз респондент дастурни бугунги ҳолича қабул қилишини айтди.

Охирги ойларда содир этилган терактлар кўпчиликни ташвишга тушириб қўйгани, шу боис одамлар қочқинларга нисбатан салбий муносабатда бўла бошлагани айтилмоқда. Сўровномада иштирок этганларнинг 35 фоизи террорчиликни мамлакатга хавф солаётган биринчи таҳдид деб атаган.

Сентябрда АҚШга асосий таҳдид ИШИДдан келаётганини 11 фоиз респондент айтган бўлса, бу сафарги сўровда ушбу кўрсаткич 21 фоизга етди.