Туркия пойтахти Анқара шаҳри яқинида ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари 100 кг миқдоридаги нитрометан моддасини аниқлашди. Бу моддалар терактлар содир этишда фойдаланиши режалаштирилганди.

Aksam нашрининг маҳаллий полицияга асосланиб хабар қилишича, бу моддалар Курдистон ишчилар партияси жангариларига тегишли бўлган. Ташкилот жангариларидан бири Исмоил. К исмли шахс қўлга олинган.

Маълум қилинишича, ба моддалар Анқарадан 80 км масофадаги Пўлатли мавзесида ерга кўмилган баллонларда сақланган ҳолда топилган.

19 ноябрь куни ОАВлар ИШИД томонидан Туркияда G20 саммити чоғида терактлар уюштиришни режалаштиргани ҳақида хабар тарқатди. Бу ҳақдаги хабар Анқара бош прокуратурасига асосланган ҳолда берилган.

Бош прокуратура мазкур маълумотларни Туркия пойтахтида 10 октябрь куни рўй берган ва 103 кишининг нобуд бўлишига олиб келган терактга оид ҳужжатларни ўрганиш жараёнида аниқлади.

Террорчилар мамлакатдаги 18та вилоят, жумладан, Анталияда хуружлар уюштиришни режалаштирган. Меҳмонхоналар, сайёҳлар тўпланадиган ҳудудлар ва тунги клубларда саммит кунлари терактлар уюштириш учун худкушлар тайёрланган.

Расмийлар маълумотига кўра, ИШИД маҳаллий аҳоли орасидан терактлар содир этилиши лозим бўлган шаҳарлардаги вазиятни яхши биладиган кишиларни қидирган.