Европа Иттифоқи кенгаши ҳудудга келаётган ноқонуний муҳожирларнинг бармоқ изларини олишни ҳамда уларни аксилтеррор маълумотлар базаси орқали текширишни йўлга қўйди. Бу ҳақда Брюсселда ўтказилган ЕИ мамлакатлари ички ишлар ва адлия вазирларининг аксилтеррор масаласи бўйича ўтказилган йиғилишида маълум қилинган.

"Миграция инқирози сабаб Шенгенга кирувчи мамлакатлар аъзолари ЕИ ҳудудига келаётган ноқонуний муҳожирларнинг бармоқ изларини олади. Бундан ташқари улар ҳақида “Шенген 2”, Интерпол ва миллий хизмат базаларидан маълумотлар тўпланади”, - дейилади хабарда.

ЕИ кенгаши бу ишни қандай тарзда амалга оширишга аниқлик киритимаган. Европа чегаралари агентлиги Frontex берган маълумотларга кўра, 2015 йилнинг январь ойидан ноябрь ойига қадар Европа ҳудудига 1,2 млн киши ноқонуний равишда кириб келган.