Яқинда Парижда содир бўлган қонли қўпорувчилик актлари Бешинчи республика тарихидаги учинчи жиддий зўравонлик тўлқинидир. Охирги 60 йил ичида Франция кўплаб террорчилик ҳужумларига дучор бўлди, лекин миллат кўп ҳолларда қийинчиликларни жипсликда енгиб ўта олди. Шу муносабат билан айрим босма нашрлар Франциянинг террорга қарши кураш тарихига назар ташлади. Қуйида биз бу билан боғлиқ асосий воқеа-ҳодисалар ҳақида маълумот келтирамиз.

1958 йили Жазоирнинг Миллий озодлик жабҳаси жангарилари ахборот вазири, Жазоирнинг собиқ генерал-губернатори Жак Сустелнинг машинасини ўққа тутишди. Бу Бешинчи республика тарихидаги биринчи теракт бўлди. Сустелга ҳеч қандай зиён етмади. Аммо шу йилнинг ўзидаёқ жазоирлик жангарилар Парижда 4 нафар полициячини отиб кетишди. Бу пойтахт префекти Морис Папоннинг ғазабини келтирди. Бунга жавобан у жазоирликлар яшайдиган туманларда рейдлар ўтказиб, 5 минг кишини ҳибсга олди.
Бу сўл интеллигенциянинг норозиликларига сабаб бўлди: Папоннинг услублари Гестапога қиёсланди, жазоирликлар сақланадиган ҳудудлар эса концлагерларга тенглаштирилди. Шу билан бирга, Папоннинг услублари самара берди: 3 йил ичида, шу жумладан, жазоирлик кўнгиллилар ёрдамида, Парижда Миллий озодлик жабҳасининг 60 махфий гуруҳи йўқ қилинди. Телемарказ, аэропорт ва метродаги портлашлар, Париж сув қувурларининг заҳарланиши бартараф қилинди.
1961 йили ўтказилган референдумда жазоирликларнинг кўпчилиги Франциядан ажралиб чиқишни ёқлашди. Бу қарорни Шарль де Голль ҳам қўллаб-қувватлади. Бундан норози бўлган франциялик ҳарбийлар “Махфий қуролли ташкилот”ни яратдилар. Гуруҳ Бельгия, Германия, Испания ва Италияда машғулот қароргоҳларига, барча ҳуқуқ-тартибот органларида ўз агентларига эга ўта махфий ташкилот эди.

Гуруҳ жангарилари Жазоир мустақиллиги тарафдорларига, президентга содиқ ҳарбийлар ва амалдорларга қарши суиқасдлар уюштирди. 1961 йил июнида Страсбург-Париж поезди кетаётган темир йўлни портлатиб юборди. 28 киши ҳалок бўлди, 100дан ортиқ одам жабр чекди.
Бунга жавобан жазоир айирмачилари шу йилнинг сентябрида 11 нафар полициячини ўлдиришди, 17 нафарини яралашди. Ҳалок бўлганларнинг дафн маросимида Морис Папон “Ҳар бир қурбонимиз учун улар ўн баробар хун тўлайди!”, деб ҳайқирди. Шундан сўнг жазоирликларга қарши чоралар кўриш янгидан бошланди. Бу сафар жазоирликларга қўшиб тунислик, марокашлик, испаниялик ва италиялик муҳожирлар ёппасига ҳибсга олинди. Уларни сўроқ қилишда қийноқлар ва психотроп воситалар қўлланган, аниқланган террорчиларнинг қариндошлари асирга олинган. Айрим тутқунлар ҳатто Сенада чўктириб юборилгани айтилади.

Папон Парижда 150 минг кишилик нуфусда истиқомат қилувчи жазоирликлар учун фавқулодда ҳолат жорий қилганида Миллий озодлик жабҳаси қарши ҳаракат тариқасида барчани намойишларга чиқишга чақирди. Рухсат этилмаган акцияда 40 минг киши тўпланди. Сен-Мишель ва Нейи кўприкларида, Осман ва Сен-Мартен хиёбонларида намойишчиларни полиция отрядлари кутиб олди. Намойишчиларга қарши нафақат таёқ, балки жанговар ўқлар ҳам қўлланди. Қочиш чоғида юзага келган тиқилинчда кўплаб одамлар оёқости бўлди. Мурдалар ва ярадорлар Сенага ташлаб юборилди. Расмий маълумотларга қараганда, ўша куни 48 киши ҳалок бўлган. Норасмий рақамлар 200гача боради. Минглаб одамлар Африкага депортация қилинди. Бу воқеалар ҳақида Париж ҳукумати фақат 2001 йилдан ошкор гапира бошлади ва ўз узрини келтирди. “17 октябрнинг қора туни” қурбонлари хотирасига бағишлаб Сен-Мишель кўпригида эсдалик тахтачаси ўрнатилди.

Шу воқеалардан сўнг жазоир айирмачиларининг ҳаракатлари сусайди, аммо “Махфий қуролли ташкилот”га бирлашган франциялик зобитларнинг ўзлари террорни давом эттиришди: уларнинг қарашларига қўшилмайдиган амалдорлар, депутатлар, журналистлар, оддий одамлар ўлдирилди, кафелар ва кинотеатрлар портлатилди. Уларнинг қўлларидан мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди. Президент Шарль де Голлга қарши 13 марта суиқасд уюштирилди, яна 15 суиқасд махсус хизматлар томонидан бартараф этилди. 1963 йилдагина ташкилот тор-мор келтирилди. Теракт ижрочилари ва ташкилотчиларининг каттагина қисми қатл қилинди.

Францияда ўн йиллик сукунат даври бошланди. Аммо энди мамлакат Фаластин экстремистлари билан тўқнаш келди.
Фаластин халқ озодлик жабҳаси ва “Фатҳ” инқилобий кенгаши жангарилари ўзаро душманлик қилиш баробарида, францияликларга ҳам тинч ухлашга беришмасди. Биринчи гуруҳ аъзоси бўлган асли венесуэлалик талаба “Шоқол” лақабли Карлос Ильич Рамирес Санчес гуруҳнинг Европадаги операцияларига бошчилик қилди. Биринчи сафар у Исроилга хайрихоҳ бўлган янгилик агентликлари бинолари яқинида учта бомбалаштирилган машинани қолдириб кетиши билан “шуҳрат” қозонди. 1975 йил 13 январида Шоқол Орли аэропортида “Эль Аль” компанияси самолётини гранатомётдан шахсан ўққа тутди. Шундан сўнг у ярим йил мобайнида қочиб юрди, бунда у бир қанча разведка ходимларини ҳамда уни сотган шеригини ўлдирди.

Фаластинлик айирмачилари билан алоқалари узилгач, Шоқол 80-йилларда ҳам жиноятларини давом эттирди. 1982-1983 йилларда унинг томонидан темир йўл вокзаллари ва поездларда уюштирилган 4 портлаш оқибатида 11 киши ҳалок бўлди, 150 киши яраланди.
70-80-йилларда, бутун дунё бўйлаб кузатилганидек, Францияда ҳам арман террорчилари мисли кўрилмаган даражада фаоллашди.

Бешинчи республика ҳудудида фаолият юритаётган “Арманилар геноцидига нисбатан адолат учун курашчилар” (ЖСАГ) ҳамда АСАЛА гуруҳлари, ўзаро мафкуравий қарама-қаршиликларга қарамай, арманиларнинг барча ерларини бирлаштириш ва турклардан қасос олиш борасида ягона нуқтаи назарда эди. 9 йил ичида ЖСАГ 20 нафар, АСАЛА 8 нафар туркиялик дипломатлар ва уларнинг оила аъзоларини ўлдиришди. 1983 йили АСАЛ Орли аэропортида “Туркия авиалиниялари” залида портлаш уюштирди. Ҳалок бўлган 8 кишидан фақат 2 нафари турк эди, қолган 4 нафари франциялик, шунингдек, 1 нафардан америкалик ва швециялик фуқаролар бор эди.

1981 йили армани жангарилари Парижда 3 нафар туркни автоматлардан ўққа тутиши оқибатида 2 нафари яраланди, учинчиси эса – элчининг диний масалалар бўйича маслаҳатчи Тажалли Ари – шифохонада оламдан ўтди. Жабрдийдалардан бири – меҳнат масалалари бўйича атташе Ришот Морали кафега яширинганида муассаса эгаси, ўқ овозлари тинмаганига қарамай, уни ҳайдаб чиқарди. У осиёлик одам унинг кафесига ярашмайди, деб ҳисоблаган эди.

80-йиллар ўрталарида Туркия махсус хизматлари арман гуруҳлари раҳбарларининг катта қисмини йўқ қилди.
Армани гуруҳларга қарши Франция етарли даражада курашмади, балки, ўз муаммоси деб ўйламади. Ҳатто ҳукумат АСАЛАчилар билан келишувга бориб, улар мамлакат ҳудудида терактлар уюштирмаслиги эвазига аэропортдан фойдаланиш ҳуқуқини берган. Қўлга олинган жангариларга ҳам анча юмшоқ ҳукмлар ўқилган.

Ниҳоят, 1990-йилларда Европанинг бошқа кўп давлатлари қаторида Францияда ҳам ислом дунёсидан чиққан радикал ташкилотларнинг ячейкалари вужудга келди. Дастлаб улар Европага ташқи фаолият учун база деб қарашар эди: бу ерда пул тўплаш, тарғибот юритиш, раҳбарлик қилиш осон эди. Янги аср бошидан эса радикаллар Европага база эмас, нишон сифатида қарай бошладилар.

1994 йилда Қуролли ислом гуруҳи жангарилари Францияни Жазоирдаги дунёвий ҳукуматни қўллаб-қувватлашдан воз кечтириш учун Жазоир-Париж рейсини амалга ошираётган А300 самолётини гаровга олдилар. Улар бортида 220 йўловчи бор лайнерни Эйфель минораси устида портлатиб юборишни режалаштиришган эди. Аммо Марселга қўниб, ёқилғи қуйиш пайтида ҳаво кемаси Франция махсус қўшинлари жангчилари томонидан озод қилинди, бунда бирорта асирга жароҳат етмади.

Кейинги йили террорчилар 11 метро бекатида бомба ўрнатишди, шулардан 5таси портлади. 8 киши ҳалок бўлди, 179 киши азият чекди. Гуруҳ етакчиси Холид Килкал ҳибсга олиш жараёнида ўлдирилди. Қолган етакчилар чет элга қочиб кета олди. Улардан бирини Буюк Британиядан экстрадиция қилишга 10 йил кетди. 1996 йилда электропоездларда яна теракт содир этилди, бу сафар 4 киши ҳалок бўлди, 170 киши жароҳат олди.

2010-йилларда янги зўравонлик тўлқини мамлакатни ларзага солди. 2012 йили Тулузадаги яҳудий мактабига ҳужум уюштирилди. 2013 йилда Парижда франциялик аскар террорчи билан курашда яраланди, 2014 йил декабрида эса Тур, Дижон ва Нантда терактлар содир этилди. Орадан 2 ҳафта ўтиб, “Шарли Эбдо” журнали таҳририятига ҳужум уюштирилди.

Экспертларнинг хулоса қилишича, террорга қарши курашнинг муваффақиятли якунланиши биринчи навбатда Франция раҳбариятининг иродасига боғлиқ бўлади. Аммо бугунги замонда ҳеч ким бир пайтлар префект Папонга берилган ваколатларга эга бўла олмайди. Франция секуляризм ва мультикультурализмдан воз кечмай туриб янги таҳдидларга қарши тура оладими?

Муаллиф: Элдор Асанов