19 ноябрда Ватиканда ибодат пайтида Рим папаси Франциск келаётган Рождествони дунё уруш ҳолатида тургани сабабли майнабозчилик ва “бемаъно тараддуд” бўлади, деб атади. Бу ҳақда The Independent маълум қилди.

Понтифик ўз нутқида ҳарбий ихтилофлардан бутун дунё бўйлаб нобуд бўлаётган минглаб айбсиз қурбонларни эслатиб ўтди ҳамда таълим олишга имконияти бўлмаган болаларга ачинишини айтди. Папа, шунингдек, уруш уюштираётганлар ва қурол сотишдан фойда олаётганларни “Худонинг ланъатига учраганлар” деб атади.

“Рождество яқинлашмоқда. Ва дунёда уруш кетаётган бир пайтда чироқлар, тантаналар, ёрқин дарахтлар, томошалар бўлади. Буларнинг барчаси беъмано тараддуд. Дунё тотувликда қандай яшашни англай олмади. Бутун дунё уруш ҳолатида турибди”, деб айтди понтифик ўз нутқида.

Францискнинг фикрича, ҳозирги ихтилофлардан қоладиган барча нарса бу вайроналар, минглаб саводсиз болалар, кўплаб айбсиз қурбонлар ва қурол-аслаҳа сотувчиларнинг қаппайган чўнтаклари бўлади.

Рим папаси нутқи сўнгида баъзида урушга сабаблар бўлиши мумкинлигини, бироқ ҳозирда дунёда содир бўлаётган хунрезликларни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмаслигини айтди.

Аввалроқ Франциск Париждаги терактларни Учинчи жаҳон урушининг бир қисми сифатида қабул қилиши маълум қилинганди.