Жангарилар Мали пойтахти Бамако шаҳрида жойлашган Radisson меҳмонхонасида портлаш уюштириб, 170 кишини гаровга олди. Уларнинг 140 нафари меҳмонлар бўлса, 30 нафари меҳмонхона ходимларидир, дея хабар бермоқда NBC News.

Бино ичида 10 нафар атрофида экстремистлар бўлиши мумкин, дея маълум қилди Reuters агентлиги маҳаллий махсус хизмат вакили маълумотига асосланган ҳолда.
Гувоҳларнинг айтишича, жиноятчилар 20 ноябрь куни тонгда меҳмонхона биносига қарата ўқ отишган. The International Business Times нашри маълумотига кўра, ҳозиргача уч киши ҳалок бўлган.

Франциянинг RFI радиоси маълумотига кўра, жангарилар меҳмонхона ҳудудига хорижий давлат элчихонаси рақамидаги машинада кириб келишган.
Ҳодиса жойига полиция ходимлари етиб келишган. Ҳозирча минтақада фаолият кўрсатаётган бирорта ҳам террористик гуруҳ бу бўйича жавобгарликни ўз зиммасига олгани йўқ.