Мали пойтахти Бамако шаҳридаги Radisson Blu меҳмонхонасида гаровга олинганлар қолмади ва махсус амалиёт якунланди. Бу ҳақда Мали Миллий хавфсизлик хизматига асосланган ҳолда Sky News Arabia хабар тарқатган.

"Меҳмонхона қўноқлари айни вақтда хавфсиз жойда", дея маълум қилган манба.

Эслатиб ўтамиз, бугун эрталаб Мали пойтахти Бамако шаҳридаги Radisson Hotel Bamako меҳмонхонасига ўнлаб жангарилар бостириб кирди ва 170 кишини асирга олди. Босқиндан олдин юз берган портлаш ва отишма вақтида 9 киши ҳалок бўлган.

Тез орада меҳмонхона атрофи ўраб олиниши бошланган ва бирин-кетин асирларни озод қилиш ишлари бошланган.

Қутқарув амалиётларига Франция жандермериясининг 40 нафар жангчиси жалб қилинган. Шунингдек, меҳмонхонани жангарилардан озод қилиш амалиётида америкалик ҳарбийлар ҳамда БМТнинг тинчликпарвар кучлар корпуси ходимлари иштирок этган.

Бу ҳужум учун жавобгарликни "Ал-Қоида"нинг Африкадаги бўлимларидан бири "Ал-Мурабитун" гуруҳи ўз зиммасига олган.