Охирги пайтларда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларда уяли алоқа сифатининг тушиб кетганлиги қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Гарчи бунга ҳар хил сабаблар кўрсатилган, алоқа сифати тезда яхшиланиши ваъда қилинган бўлса ҳам, шикоятлар тинмаяпти, аҳоли уяли алоқа сифатидан ҳамон норози, деб эътироф этади “Даракчи” нашри.

“Айни вақтда истеъмолчилар учун унинг сифат даражаси муҳим муаммолардан бири бўлиб турибди, - дейилади материалда. – Чунки алоқа сифатсизлиги билан боғлиқ ҳар бир муаммо муҳим ишларни амалга оширишда панд бермоқда. Сўзлашув вақтида алоқанинг ўз-ўзидан йўқолиб қолиши, ёқимсиз шовқинлар, сўз ва гапларнинг боши ё охири эшитилмай қолиши каби ҳолатлар мобил алоқа вақтида юзага келаётган муаммоларнинг баъзилари холос”.

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси Мобил алоқа тизимлари ва радио частоталаридан фойдаланиш мониторинги бўлими бошлиғи Камолиддин Авулов нашрга берган интервьюсида бу борада мобил операторларга тегишли кўрсатмалар берилганини ҳамда муаммоларнинг бартараф этилиш жараёни доимий равишда кузатиб келинаётганини айтиб ўтди.

“Coscom (UCell), Unitel (Beeline), RWS (Perfectum) ва “Ўзбектелеком” (UzMobile) операторлари Инспекциядан огоҳлантириш олдилар, - деди у. – Улар ЎЗбекистон Республикаси қонунчилигидаги барча норматив актларга амал қилган ҳолда иш олиб боришмоқда ва Инспекцияга алоқа сифатини яхшилаш борасидаги режаларини тақдим этишди”.

Авуловнинг таъкидлашича, абонентлар асосан мобил алоқа сифати (овозли хизматлар, интернет) ҳамда call-марказлардаги операторлар шикоят қилишади. Шикоятларнинг аксарияти Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё, Наманган, Хоразм ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан тушади.

“Ўзбектелеком” АК "UzMobile" филиали абонентларга хизмат кўрсатиш ва абонентларни сақлаш қолиш хизмати гуруҳи раҳбари Каттабой Каттаевнинг сўзларига қараганда, “Мобил алоқанинг миллий оператори тизимини яратиш” лойиҳаси доирасида уч босқичдан иборат бўлган алоқа қурилмасини яратиш режалаштирилган:
1-босқич: Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятини қамраб олиш (2015 йил);
2-босқич: республикадаги вилоятлар ва туман марказларини қамраб олиш (2016 йил);
3-босқич: мамлакатнинг барча аҳоли пунктларини қамраб олиш (2017-2018 йиллар).