2015 йилнинг 20 ноябрь куни Остонага расмий ташриф билан келган Афғонистон президенти Ашраф Ғани Аҳмадзай қозоғистонлик ҳамкасби Нурсултон Назарбоев билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Оқ Ўрда матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашув чоғида икки давлат етакчиси савдо-иқтисодий, транспорт, аграр ва маданий-гуманитар ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, халқаро сиёсий кун тартибининг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Назарбоев Афғонистон халқи бугунги кунда дуч келаётган жиддий қийинчиликларни тўғри тушунишини таъкидлаб ўтди.

“Охирги пайтларда барқарорлашиш жараёни кузатилмоқда, ва биз бундан хурсандмиз. Сиз халқни бирлаштириб, миллий бирлик ҳукуматини яратишга интилмоқдасиз. Бу муҳим, биз сизнинг бу қарорингизни ҳурмат қиламиз”, - деди Назарбоев.
Ўз навбатида, Ашраф Ғани Назарбоевга ва Қозоғистон халқига кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорчилик билдирди.
Шунингдек, у Қозоғистоннинг охирги йилларда қўлга киритаётган ютуқларини эътироф этди.