Қирғизистон ҳукумати аъзолари ўзларининг бир кунлик иш ҳақларини Ўш вилоятида сўнгги маротаба содир бўлган зилзиладан азият чекканлар ҳисоб рақамларига ўтказиб беришмоқда. Бу ҳақда Қирғиз ҳукумати ахборот таъминоти бўлими хабар қилди.
“Маълумки, бўлиб ўтган зилзилалар натижасида кўп миқдордаги турар-жой бинолари шикастланди. Кўплаб оилалар вақтинчалик яшаш жойларига кўчишмоқда. Метеорологик шароитлар эса жабрланганлар ҳолатини янада мураккаблаштирмоқда”, - дейилади ҳукумат хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 17-18 ноябрь кунлари Қирғизистоннинг Ўш вилоятида 7 баллик зилзила қайд этилди. Натижада вилоятдаги 570 хонадон истиқомат қилиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолди. Айни пайтда мамлакатда ер силкинишларидан азият чекканларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда.