Ер силкинишлари туфайли Қирғизистоннинг Ўш вилоятида 570 хонадон истиқомат қилиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолди. Бу ҳақда мамлакат фавқулодда вазиятлар маҳкамасининг матбуот хизмати хабар қилди.

Вазирлик маълумотига кўра, Қора-Сув ва Ўзган туманларида энг кўп талофатлар кўрилган, шунингдек, бошқа туманлар ва жанубий пойтахт марказида ҳам шикастланган объектлар мавжудлиги кузатилди. “Ҳозирда совуқ ўтказмайдиган чодирлар тикланмоқда. Бишкекда уйларига кучли шикаст етганлар учун мобил турар-жойлар тайёрланмоқда”, - дейилади пресс-релизда.

Шу муносабат билан мамлакат бош вазири Темир Сариев жамоатчиликка юзланиб, табиий офатдан жабр кўрганларга ёрдам беришга чақирди. Тадбиркорлардан бири қиймати бир миллион сомдан зиёдроқ бўлган 15 дона контейнерни тақдим этди. ФВВ улардан вақтинчалик бошпаналар тайёрлайди.
Эслатиб ўтамиз, 17-18 ноябрь куни вилоятда 7 баллик зилзила қайд этилган эди.