Қирғизистоннинг Иссиқ-кўл вилотида япониялик кўнгилли Йори Саканива икки ойда қирғизчани ўрганиб олиб, энди талабаларга ошпазликдан сабоқ бермоқда, деб хабар бермоқда Turmush нашри мухбири.

Маълум қилинишича, 28 ёшли япон Қирғизистонга кўнгилли сифатида келган. У махсус курслар ёрдамида икки ой ичида қирғиз тилини ўрганиб олган ва қирғизчада гаплаша бошлаган. Ҳозир япон йигити Қоракўл шаҳридаги 2-сонли касб-ҳунар лицейида талабаларга ошпазликдан мастер-класслар ўтказмоқда.

Йорининг айтишича, унга бу ерда Азамат деб исм қўйиб олишган.

“Мен Қоракўлда икки ойдан бери яшамоқдаман. Талабаларни таом тайёрлашдан нималарни билсам, шунга ўргатяпман. Ўзим эса манти, бешбармоқ, лағмон ва сомса тайёрлашни ўрганиб олдим. Барча таомлар жуда мазали ва антиқа”, деб айтди Йори.

Йори-Азаматнинг айтишича, қирғиз таомларининг барчасида гўшт ишлатилади ва қирғизлар ундан доимо фойдаланадилар.

Талабалар қирғиз тилини оз фурсат ичида ўрганиб, уларга ошпазлик сирларини ўргатаётган ўзларининг япониялик устозларидан жуда фахрланишларини айтмоқдалар.