“Реал” ҳужумчиси Криштиану Роналду ўзи ҳақида яратилган янги ҳужжатли фильмда собиқ маҳбубаси Ирина Шейк ҳақида сўз юритилмаганига изоҳ бериб ўтди.

“Ҳаётда омадли вақтлар билан биргаликда ишинг юришмаган даврлар ҳам бўлади. Шунингдек, у қадар муҳим ўринга эга бўлмаган паллалар ҳамда ўткинчи ҳиссиётлар ҳам учрайди”, – дейди португалиялик футболчи Ecuavisa нашрига берган интервьюсида.

Шейкнинг фильмда йўқлигини картина режиссёрларидан бири Энтони Вонке ҳам изоҳ берган.

“У кўриниш берган бир неча саҳналарни суратга олгандик ва ҳатто Ирина билан бирга тушлик ҳам қилдик... Аммо фильм жуда қисқа ва бу саҳналар фильмдан ўрин олмади”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилдан бери россиялик топ-модель Ирина Шейк билан учрашиб юрган Роналду у билан шу йилнинг январь ойида алоқани узганди.

Роналдунинг футболчилик фаолияти ва шахсий ҳаёти тасвирланган ҳужжатли фильм тақдимоти 11 ноябрь куни Лондон шаҳрида ўтказилди.

Ушбу фильм тайёр бўлиши учун 14 ой вақт сарфланди.

Бундан олдинроқ, Криштиану Роналду бир неча аёллар билан учрашаётгани, лекин ҳали ҳеч бир танлов амалга оширмаганини айтиб ўтганди.