2013-2014 йилларда 3,5 минг нафардан зиёд Россия фуқароси террористик гуруҳларга пул маблағларини юборган. “Известия” газетаси мазкур маълумотларни Россия молиявий мониторинг маҳкамаси томонидан 20 ноябрь куни эълон қилинган маълумотларга асосланган ҳолда тақдим этди.

Молиявий ёрдам мамлакатнинг 80 ҳудудидан йўналтирилган. Кўрсатиб ўтилган икки йил ичида 40 миллион рубль террористларга молиявий кўмак сифатида юборилган бўлса, 2015 йилнинг январь-сентябрь ойларида ИШИД террористик гуруҳини қўллаб-қувватлаш учун 300 миллион рубль жўнатилган. Терроризмни молиялаштиришнинг асосий канали сифатида краудфандинг, яъни интернет орқали кўнгилли хайр-эҳсон қилиш тизимларидан фойдаланилган.

Бунда одатий интернет-дўконларга пул ўтказиш усули ҳам қўлланилган. Бироқ агарда криптовалюталардан фойдаланилган бўлса, маблағлар ортидан кузатишнинг имкони йўқ экани қайд этиб ўтилд.
Мамлакат ичида қўрқитиш, турли ўғирликлар, одам савдоси каби жиноятлар терроризмни молиялаштирадиган асосий даромад манбалар сифатида айтилмоқда.

Шунингдек, молиявий разведка террорист-жангариларнинг қайтарилмайдиган кредитлар ёки кўчмас мулкларни сотиш билан боғлиқ ўз-ўзини пул билан таъминлаш тизимларини ҳам аниқлаган.
Пул маблағларининг катта қисми можаролар ҳудуди ёки транзит мамлакатларда нақтлаштирилмоқда, дея қайд этди нашр.