Россиянинг “Единая Россия” партиясининг Бурятия пойтахти Улан-Удэдаги бирламчи бўлими котиби, Россия президенти Владимир Путин билан фамилиядош бўлган Сергей Путин партия йиғилиши бўлаётган пайтда инфарктдан вафот этди.

Сергей Путин ўқитувчи бўлиб ишлаган ва “Единая Россия”нинг Улан-Удэдаги бўлимига етакчилик қилган. Таъкидланишича, бу марҳумда иккинчи инфаркт бўлган.

Россия президентининг фамилиядошлари мунтазам равишда янгиликларда номлари янграб туради. 2015 йилнинг май ойида Путиннинг яна бир фамилиядоши, Ханти-Мансийск мухтор округи вице-губернатори Алексей Путин дарё бўйлаб сайр пайтида ўзининг ҳамкасби, губернатор маъмурияти раҳбари Виталий Ермошинни қутқараман деб ўзи чўкиб кетишига бир бахя қолган. Ермошин бахтга қарши чўкиб кетган, Путиннинг ўзини эса зўрға қутқариб қолишган.

2014 йилда ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари Челябинск вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Сергей Путинга 1,5 млн рубль пора олганлик айбловини қўйган эдилар.

Манба: tjournal.ru