Швецияда Ироқ фуқаролигига эга бўлган 25 ёшли йигит теракт содир этишга тайёрланганликда гумон қилиниб, қўлга олинган. Бу ҳақда The Local нашри хабар берган.

Швеция хавфсизлик хизмати тарқатган хабарга кўра, ушбу шахс 19 ноябрь куни кечаси ҳибс қилинган.

"Уни қўлга олиш вақтида фавқулодда ҳодисалар содир бўлмади, айни вақтда у сўроқ қилинмоқда", дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, гумондорни қўлга олиш учун Булиден шаҳрида ташкил этилган қочқинларни қабул қилиш марказида махсус амалиёт ўтказилган.

Гувоҳлардан бирининг айтишича, гумондор дераза орқали қочишга тутинган, лекин полиция осонлик билан уни тутиб олган.

Бироз олдинроқ, Швеция томони бундан кейин қочқинларни қабул қилишни тўхтатиши ҳақида маълум қилганди.