Сирдарёдаги шифохоналардан бирида акушерлик лавозимида ишлаб келган аёл чақалоқ савдосида айбланиб қўлга олинди. Бу ҳақда “Даракчи” газетаси хабар бермоқда.

Айтилишича, жиззахлик Ҳалима исмли аёл Тошкентга кўчиб келиб, бу ерда Низом исмли эркак билан танишган. Бир муддатдан сўнг аёл ҳомиладор бўлиб қолган, лекин Низом болага ғамхўрлик қилишдан воз кечган.
Шунда аёл боласини олдириб ташлашни кўзлаб, қўшниси Маликадан маслаҳат сўраган. Малика эса, ўз навбатида, уни сирдарёлик шифокор Мастура Абдукаримовна билан уни таништириб қўйган. Акушер Ҳалимага боласини олиб ташлаши мумкинлигини, бунга 300 доллар талаб қилинишини айтган. Мижозининг пули йўқлигини билгач, унга туғилажак фарзандни сотишни таклиф қилган. Она ҳам рози бўлган.

Тез орада мижоз ҳам топилган. Мастура Абдукаримовна болага минг доллар нарх белгилаган. Лекин бу иш расмийлаштирилмаслигини билган мижоз болани сотиб олишдан воз кечган.
Бу орада акушернинг хатти-ҳаракатлари тегишли ташкилотларнинг қизиқишини уйғотган. Улар икки ходимини Абдукаримовнанинг олдига мижозлар сифатида юбориб, 1 100 долларга келишишган.
Шифокор жиноят устида қўлга олинди.