АҚШда Чикагодан Филадеьфияга учмоқчи бўлган икки йўловчи ўз рейсларидан қолиб кетишди. Бунга уларнинг ўзаро араб тилида гаплашишгани сабаб бўлди, дейилади Ассошиэйтед Пресс нашри.

Маълум бўлишича, пицца тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланувчи тадбиркор Махер Халил ўз дўсти билан Southwest Airlines авиакомпанияси рейсидан фойдаланиш учун аэропортга келишганида ходимлар уларни бортга қўя олмасликларини айтишган. Бунга сабаб сифатида самолётнинг бошқа йўловчилари улар билан бирга учишдан қўрқишгани айтилган.

Халилнинг билдиришича, у билан илк марта бундай воқеа содир бўлди.

Хабарда айтиладики, ушбу икки йўловчи учун авиакомпания кейинги рейсдан жой буюртма қилган.

Бироз олдинроқ, Флоридада 92 нафар кишини олиб учган самолёт бортида бомба бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганидан кейин, самолёт шошилинч равишда қўнишни амалга оширганди.