Баҳрайннинг энг йирик мухолиф уюшмаси “Ал-Вифоқ” шиалар партияси етакчисининг бир ёшлик қизи Баҳрайн фуқролигини ололмаяпти, деб айтди қизчанинг онаси Салмона Алия Ридо.

“Бизнинг қизимиз Сора бир ёшга тўлди, у ўзининг отаси шайх Али Салмонни қамоқда бўлгани сабабли кўра олмаяпти ва фуқаролик ололмаяпти”, деб ёзди аёл Twitter ижтимоий тармоғида.

Аёлнинг таъкидлашича, Баҳрайнда кўплаб болалар ҳеч қандай айб иш қилмасдан, шу мамлакат вакили бўла туриб, фуқаролик инсоннинг асосий ҳуқуқ эканлигига қарамасдан, сиёсий сабаблар туфайли оталари фуқароликдан маҳрум этилганлиги сабабли шундай вазиятда қолмоқдалар.

Баҳрайн жиноят суди 16 июнда Форс кўрфази давлатларидаги энг йирик сиёсий уюшма етакчиси Али Салмонни “қироллик қонунларини бажармасликка оммавий чақириш ва жиноий ҳаракатларни оқлаш” айби билан 4 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилди. Шу билан бирга суд унга 14 йиллик қамоқ жазоси берилиши мумкин бўлган, қиролликдаги ҳукмрон тузумни ўзгартиришга оммавий чорловлар бўйича энг жиддий айбловни бўйнидан олди. Баҳрайн полицияси Салмонни ўтган йилнинг охирида унинг партияси томонидан оммавий намойишлар ташкил этилганидан кейин ҳибсга олган. Намойиш иштирокчилари қиролликда демократик ўзгартиришлар амалга оширилишини талаб қилишган.

Баҳрайн ҳукумати судланганларга нисбатан қўшимча жазолаш сифатида фуқароликдан маҳрум қилишдан ҳам фойдаланади. Бир ҳафта олдин Баҳрайн Олий жиноят суди террорчилик гуруҳи ташкил қилганлик учун 12 кишини умрбод қамоқ жазоси ва фуқароликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум қилганди.