Франц Беккенбауэр "Германия-2006" ариза қўмитасини бошқарган вақтида ФИФАнинг Ижроий қўмитаси аъзоси ҳамда КОНКАКАФ раҳбари лавозимида ишлаган Жек Уорнерга пул берганини, бу пуллар Кариб денгизи ҳавзасида футболни ривожлантириш учун сарфланганини маълум қилган. Бу ҳақда Германиядаги Süddeutsche Zeitung нашри хабар тарқатган.

Бироз олдинроқ, баъзи нашрларда Беккенбауэр Уорнер Германияга овоз бериши учун пул бергани ҳақида хабарлар тарқалганди. Пул миқдори аниқ айтилмаган.

Беккенбауэрнинг маълум қилишича, у Уорнерга пулни 2000 йилнинг 2 июлида берган, бу вақтда 2006 йилги ЖЧ мезбонини аниқлаш учун овоз беришлар якунигача 4 кун қолмоқда эди.

Беккенбауэр ЖЧ мезбонлиги Германияга олиб берилиши учун ҳеч кимга пул тўланмаганини таъкидламоқда.

"Бизда бунинг учун пулнинг ўзи йўқ эди", дейди у.

Уорнер эса ФИФА тизимида порахўрлик жиноятлари содир этганликда гумон қилиниб 27 май куни Цюрих шаҳрида қўлга олинганлардан бири ҳисобланади.

Ўз навбатида Германия футбол иттифоқи ҳам ФИФА аъзолари сотиб олингани бўйича айбловларни рад қилган.

Бундан олдинроқ, журналист Эндрю Женнингс "Ифлос ўйинлар" номли китобида Германияни 2006 йилги мундиал мезбонлигини керакли шахсларга пул бериш орқали қўлга киритганликда айблаганди.

2006 йилги Жаҳон чемпионати мезбонлиги учун ЖАР билан кураш олиб борган Германия 2000 йилнинг 6 июль кунида ўтказилган сайловда 12:11 нисбатида ғалаба қилганди.