БМТ Бош котиби Пан Ги Мун 20 ноябрда БМТ Бош ассамблеяси йиғилишида ўзининг муҳожирлар ва қочқинлар билан боғлиқ инқирозга жавоб бериш режасини тақдим қилди. У “жавоб беришнинг 5 та устувор соҳасини” санаб ўтди ҳамда яқин орада ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар ҳақида маълумот берди. Улардан бири Нью-Йоркда 2016 йил сентябрда муҳожирлар бўйича саммит бўлиши керак. 

Пан Ги Муннинг айтишича, халқаро ҳамжамият биринчи навбатда қочқинлар инқирозининг сабабларини бартараф этиши керак, улардан энг асосийси Суриядаги уруш ҳисобланади.

Иккинчидан, миграциянинг йирик оқимларини самарали бошқариш лозим. Пан Ги Муннинг айтишича, қочқинлар учун хавфсиз ва қонуний йўналишларни ташкиллаштириш муҳожирлар ортидан фойда кўрувчи ва уларни хавфга қўювчи жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўяди.

Учинчидан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш керак. Бош котибнинг айтишича, бу айниқса “ксенофобия ва таҳқирлаш ўсиши олдида” жуда муҳимдир, ҳозирда бу иллатларга қочқин ва муҳожирлар, айниқса мусулмонлар дуч келмоқдалар.

Тўртинчидан, гуманитар операцияларни молиялаштиришни ошириш лозим. Бош котибнинг таъкидлашича, бугунги кунда одамларнинг эҳтиёжлари БМТ ва унинг ҳамкорлари эга бўлган захиралардан анча кўпроқни ташкил қилмоқда.

Бешинчидан, миграция муаммоларини ҳал қилишда “глобал ёндашувни” ишлаб чиқиш ва амалиётга қўллаш зарур. “Ҳеч қайси бир давлат ўз табиати бўйича халқаро бўлган муаммони бир ўзи ҳал қила олмайди”, деб таъкидлаб ўтди Пан Ги Мун. Бош котибнинг айтишича, БМТ ўз саъй-ҳаракатларини Африка иттифоқи, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси (АСЕАН), Европа Иттифоқи ва Ислом ҳамкорлиги ташкилоти билан ҳамкорликка қуради.

БМТ Бош котибининг маълум қилишича, яқин ойларда Иккинчи жаҳон урушидан бери биринчи марта кузатилаётган, муҳожирлар билан боғлиқ энг йирик инқирозни ҳал қилишга ёрдам берувчи бир қатор анжуман ва форумлар режалаштирилган.
Бундай тадбирлардан биринчиси 2016 йил 4 февралда Лондонда бўлиб ўтади ва Суриядаги гуманитар вазиятга бағишланган анжуман бўлади.

Бир ойдан кейин муҳожирларни жойлаш масалалари бўйича яна битта анжуман бўлиб ўтади.

Май ойи охирида Истанбулда биринчи Бутунжаҳон гуманитар саммити бўлиб ўтади, унда гуманитар операцияларни молиялаштириш масалалари ҳал қилинади.

Бундан ташқари, БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида сентябрда миграция бўйича саммит бўлиб ўтади.