Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, Ибн Сино жамоат фонди, Бухоро вилояти ҳокимлиги ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талабалар, тиббиёт муассасалари масъул ходимлари, Германия, Франция, Ҳиндистон, Россия ва бошқа давлатлардан мутахассислар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Худоёров, Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Ш.Зокирхўжаев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой илмий-ижодий меросини ўрганиш ва тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Замонавий тиббиёт тараққиётида буюк аждодларимизнинг илмий мероси алоҳида аҳамиятга эга. Буюк ватандошимиз Абу Али ибн Сино ана шундай улуғ зотлардан бири.

– Илмий-тадқиқот ишларини 16 ёшида бошлаган бу улуғ зот тиббиёт, фалсафа, мантиқ, кимё, физика, астрономия, математика, мусиқа, адабиёт ва тилшунослик соҳаларига оид 450 дан ортиқ асар яратган. Уларнинг 242 таси бизгача етиб келган, – дейди Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Ш.Зокирхўжаев. – Жаҳон илм-фани ривожига муҳим ҳисса бўлиб қўшилган бу дурдона асарлар ҳамон ўз аҳамиятини йўқотмаган. Абу Али ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” асарида тиббиёт тараққиётининг асосий йўналишларини белгилаб берган. Ушбу асарда буюк олим амалий тиббиёт ва фармакология соҳаларининг энг муҳим усулларига асос солган. Президентимиз ташаббуси билан 2014 йил май ойида Самарқандда ташкил этилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро анжуманда ҳам бу алоҳида таъкидланди. Биз Ибн Сино меросини ўрганиш, тарғиб этиш борасида дунёнинг кўплаб мамлакатлари олимлари билан ҳамкорлик қилмоқдамиз.

Конференцияда Абу Али ибн Синонинг бой илмий мероси ва унинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.

– Ҳиндистонда буюк олим Абу Али ибн Сино илмий мероси катта қизиқиш билан ўрганилади, – дейди Ҳиндистондаги Ибн Сино академияси президенти, профессор Саид Зуллур Рехман. – Академиямиз Ибн Сино асарларини чуқур тадқиқ қилиш билан шуғулланади. Менинг бу борадаги илмий изланишларим 200 дан зиёд мақолаларда жамланган. Ибн Сино мероси мисоли денгиз остидаги хазинага ўхшайди – қанча чуқур шўнғисанг, шунча дур топаверасан. Биз Ибн Сино меросини ўрганаётган ва тарғиб қилаётган жаҳоннинг ўнлаб мамлакатларидаги жамғарма ва марказлар билан ҳамкорликда иш олиб борамиз. Ўзбекистондаги Ибн Сино жамоат фонди билан англашув меморандуми имзоланган. Бундай ўзаро илмий ҳамкорлик олиб борилаётган тадқиқотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилаётир. Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида аждодлар меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилишга, қадимий обидаларни тиклаш ва ободонлаштиришга қаратилаётган улкан эътибор таҳсинга лойиқ. Тиббиёт илмининг султони туғилган Афшона қишлоғида буюк олимнинг мемориал музейи ташкил этилгани, унинг ёнида тиббиёт коллежи фаолият юритаётгани назария билан амалиётнинг уйғунлигидай туюлди менга.

“Тиб қонунлари”да касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, соғлом турмуш тарзи, оддий дори ва уларнинг таъсири, бош мия, ички ва ҳаракат аъзолари, безлар ҳолати, касалликнинг оғир кечиши сабаблари, юқумли хасталиклар, ўсма, яллиғланиш, бўғин ва суяклардаги оғриқлар, дори турлари ва уларнинг тайёрланиши, шифобахш хусусиятлари атрофлича ёритиб берилган.

Анжуманда Абу Али ибн Сино таълимотининг бугунги замонавий тиббиётдаги ўрни, олимнинг жигар касалликлари, гематология, халқ табобати, жарроҳлик борасидаги қарашлари, ёш авлод тарбияси билан боғлиқ мавзулар хусусида фикр алмашилди.

Швейцариянинг “Eur Asia Heart” тиббиёт жамғармаси раиси Паул Роберт Вогт, Франция тиббиёт академияси фахрий бош котиби Раймонд Акдаилу Ибн Синонинг замонавий тиббиёт тараққиётига қўшган ҳиссаси, унинг қарашлари неонатал кардиохирургия ривожида муҳим аҳамиятга эга экани, “Тиб қонунлари” асарида таклиф этилган даволаш усулларининг шакллари ҳамон долзарблигича қолаётганини алоҳида таъкидлади.

– Замонавий тиббиёт жадал ривожланган, даволашнинг илғор технологиялари жорий этилган бугунги кунда ҳам Ибн Сино меросига эҳтиёж сусайгани йўқ, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги А.Убайдуллаев. – Бобокалонимиз ҳар бир касалликнинг олдини олиш ва даволаш усулларини батафсил баён этган. Турли мамлакатлардан келган олимлар, амалиётчи шифокорлар буни алоҳида эътироф этмоқда.

Конференция доирасида хорижлик олимлар тштирокида амалиётчи шифокорлар ва талабалар учун замонавий тиббиётнинг долзарб масалалари, кардиология, катаракта муаммолари, халқ табобати, жигар касалликларида трансплантация мавзулари бўйича давра суҳбатлари, маҳорат дарслари ва семинарлар ташкил этилди.

Анжуман қатнашчилари Абу Али ибн Сино таваллуд топган Афшона қишлоғида бўлиб, унинг ҳайкали пойига гуллар қўйди. Буюк қомусий аллома ҳаёти ва фаолиятига доир кўплаб тарихий экспонатлар жамланган мемориал-музейни томоша қилди.

Конференцияда Бухоро вилояти ҳокими М.Эсонов сўзга чиқди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА