Қуйидаги маълумотларга эътибор беринг: 8 ёшдан кичик болалар кунига 2 соат мониторга тикилишади. Ўсмирлар (8 ёшдан 18 ёшгача) —7,5 соат. Катталар эса кунига ўртача 8,5 соат кўзларини экрандан узишмайди. 

“Kleiner Perkins Caufield & Byers” компаниясининг тадқиқотларига қараганда, биз янги хабарлар, янгиликлар ва бошқа маълумотларни билиш учун телефонимизни кунига 150 марта текширамиз. “Time” журнали ўтказган халқаро сўровдан маълум бўлишича, сўровда иштирок этганларнинг ҳар тўрттадан биттаси телефонини ҳар ярим соатда, бештадан биттаси эса ҳар 10 дақиқада текширар экан.

Бу маълумотлар нимадан дарак беради? Инсоният янги технологиялар асрида янги касаллик – “экранвандлик”ка чалинишмоқда.

Американинг йирик радиостанцияларидан бири “WYNC” қизиқ хулосага келди: инсоннинг умумий ижодкорлик даражаси пасайиб бормоқда, чунки замонавий инсонларнинг зерикишга вақтлари йўқ! Буюк ғоялар ва кашфиётлар айнан вақтни ўтказадиган ҳеч нарса йўқлиги учун пайдо бўлган. Ҳозирда эса одамлар мунтазам равишда веб-саҳифаларни варақлаб ўтиришади ёки смартфонларида нималарнидир ёзишади. Смартфонларда тақдим этиладиган айрим хизматлар эса ҳаттоки алкоголь ёки сигаретдан ҳам кўра кучлироқ таъсир ўтказади ва инсонни унга ружу қўйишга мажбур қилади. 

Смартфонлардан кўз уза олмасликнинг сабаби нафақат иловаларнинг инсонни ўзига жалб этишида, балки “электрон мажбуриятларни бажариш”нинг вақт талаб қилишида ҳамдир. Масалан, янги дастурий таъминотни юклаш ва ўрнатиш (ўтган йили “Chrome” тизимни 8 марта янгилади, “iTunes” эса 9 марта), паролни ўзгартириб туриш, хабарларни кўриш (“Quora” сайтининг фаол фойдаланувчилари кунига 150-500та хабар олишади) маълум вақтни олади.

Қимматли вақтимизни, соғлигимизни, эътиборимизни тортиб олаётган бу матоҳлардан қандай қутулса бўлади? Бунинг бир нечта йўллари бор. Уйда ёки ишда севимли қурилмангизни ёнингизга қўйманг. Узоқроқда турсин. Шунда ҳар беш дақиқада уни текширавермайсиз.

Яна бир оддий йўли эса телефонни чўнтакда эмас, сумкада олиб юришдир. Кечқурун телефон каравотингиз ёнида турмаса, уни қўлингизга камроқ оласиз.

Экранга ружу қўйган инсонларга янги технологиялар ёрдамга келмоқда: “Unroll. me” сервиси автоматик равишда барча кирувчи хабарларни йиғиб, битта файлга айлантириб беради ва ҳар бир хабарни очиш учун вақтингизни сарфлаб юрмайсиз. “Carousel” иловаси автоматик равишда фотосуратларни юклайди ва телефонда жойни тежаш учун ўчириб туради.

“IFTTT” иловаси ҳам беминнат ёрдамчи. Сиз ўзингизга қулай автоматик вазифаларни мослаштириб олишингиз мумкин. Масалан, телефон сизнинг қаерда эканлигингизни аниқлайди ва ишхонангиздан чиқишингиз билан автоматик равишда уйдаги телефонга “Ишхонадан уйга кетяпман” деган мазмунда хабар юборади. 

“Android” фойдаланувчисимисиз? Сизга “Trigger” иловаси ёрдам бериши мумкин — турли триггерлар ҳар хил вазифаларни бажариш вақти бўлганини билдирувчи сигнал бериб туради. 

Смартфон экранига тикилишга ружу қўйганлар ўз одатларидан қутулишлари осон бўлмайди, лекин агар экранга камроқ тикилсалар, ўз яқинлари ва атрофидагилар учун кўпроқ вақтларини ажрата оладилар, ҳарфлар ёрдамида эмас, жонли тарзда, юзма-юз суҳбат қура оладилар. Айтишади-ку, “меҳр кўзда” деб.