Аксарият кишилар автомобиллардаги тезлик, ишончлилик, кўркамлик ва дизайнни қадрлашади. Автомобилсозлик саноатининг ўтган 128 йиллик тарихи давомида кўплаб автомобиллар яратилган бўлиб, эски моделларнинг айримлари бугунги кунгача сақланиб қолган ва ўта қиммат туради.

1. “Alfa Romeo Tipo B”, 1932 йил, 5,6 млн доллар

Гран-прида қатнашиш учун 1932 йилда тайёрланган автомашина дастлабки пойга автомобилларининг яловбардори ҳисобланади. Ҳажми 2,6 литрли 8 цилиндрли двигатели ва 260 от кучига эгалиги ҳамда кучайтирилган аэродинамикаси боис “Tipo” 1932 ва 1935 йиллар оралиғида нақд 26та пойгада ғолиб чиққан.

2. “Mercedes-Benz 38/250 SSK”, 1929 йил, 7,4 млн доллар

Классик пойга родстери ғилдирак базаси олдинги моделникига нисбатан қисқароқ бўлганлиги учун SSK (Super Sport Kurz) лақабини олган. Бу машҳур автоишлаб чиқарувчи Фердинанд Порше “Mercedes” учун тайёрлаган охирги автомобилдир. SSK капоти остида катта қувватга эга (300 от кучи) 7,1 литрли двигатель жойлашган бўлиб, автомашинанинг тезлиги соатига 200 километрга етган. 1930-йилларда SSK барча Гран-приларда етакчи бўлган.

3. “Shelby Cobra Daytona Coupe”, 1965 йил, 7,7 млн доллар

Ҳар қандай шаҳарликнинг орзуси бўлган “Shelby Cobra Daytona Coupe” —GT классидаги “Ferrari”ларга муносиб рақиб ҳисобланган камсонли америка автомобилидир. 430 от кучига эга V8 двигатели ва 320 км/соат тезлик бу машинага 1964 йилги Ле-Ман пойгасини ва 1965 йилда ўтказилган автомобиль ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлишига имкон берган.  

4. “Ferrari 250 GT SWB California Spyder”, 1961 йил, 8,6 млн доллар

“Ferrari 250 GT SWB California Spyder” модели кўплаб мукофотларни қўлга киритган  “250 GT Berlinetta SWB”нинг ремейки ҳисобланади. Янги “Spyder” текис корпус, анча самарали шасси ва қудратли 3 литрли V12 двигателига эга бўлган. Бу автомобиль Голливуд фильмларида тез-тез кўзга ташланганлиги билан ҳам аҳамиятли. Дизайни ва ажойиб бошқарувга эга бўлгани туфайли “Spyder” бутун дунёдаги автоишқибозларнинг севимли машинасига айланган.

5. “Mercedes-Benz 540K Special Roadster”, 1947 йил, 9 млн доллар

Фердинанд Порше ўз автомобилларини ишлаб чиқариш билан шуғулланишни бошлашидан аввал у бу 5,2 метрли “йиртқич” учун двигатель ишлаб чиққан. 5,4 литрли двигатель ва ажойиб қиёфаси “540K Special Roadster”ни аслзодалар, бизнесменлар ва экран юлдузларининг севимли автомобилига айлантирган. Икки эшикли бу кабриолет катта тезликда ҳам жуда осон бошқарилган. Бу эса ўша йиллардаги люкс классидаги автомобиллар учун ҳам камёб ҳодиса эди.

6. “Bugatti Royale Type 41 Kellner Coupe”, 1931 йил, 9,8 млн доллар

Айтишларича, Этторе Бугатти фақат қиролларгина сотиб олиши мумкин бўлган ҳашаматли автомобилни яратишни орзу қилган экан. Этторе бу орзусини рўёбга чиқара олди ва унинг автомобили энг ҳашаматли автомобилга айланди. 12,7 литрли двигатели “Bugatti”ни энг қудратли автомобиллардан бири бўлишини таъминлади. Қироллар учун мўлжалланган автомашинадан атиги олти дона тайёрланган.

7. “Duesenberg Model J”, 1931 йил, 10,3 млн доллар

Буюк тушкунлик даврида Американинг “Duesenberg Automobile & Motors Company” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Model J” автомобили америкача инновациянинг ёрқин намунаси ҳисобланади. “Model J” Қўшма Штатлардаги энг мафтункор, тезкор, катта ва қиммат автомобиль мақомини олиш учун махсус яратилган. Бу автомобиллардан бирини испан қироли Альфонсо XIII ва ўша даврнинг энг илғор бир неча нафар бизнесмени сотиб олган.

8. “Ferrari 250 Testa Rossa”, 1957 йил, 27,5 млн доллар

Аксарият автоишқибозларнинг ишонтиришларича, “Ferrari 250 Testa Rossa” шунчаки кучли автомобиль эмас. У бой ва машҳур инсонларнинг севимли ўйинчоғига айланган спорт автомобилларининг бутун бир авлодини ўзида намоён этади. Ҳозирда бу автомобиль моделлари 12 млн доллардан сотилади, аъло даражада сақланганларининг нархи эса 27 млн долларгача боради.

9. “Mercedes W196R”, 1954 йил, 29,6 млн доллар

«Кумуш ўқ» деган ном билан ҳам танилган “Mercedes W196R” ўзининг ноёблиги ва бой коллекционерлар орасида энг талаб кучли автомобиль бўлганлиги сабабли рўйхатда иккинчи ўринни эгаллади. Ҳозирги кунгача етиб келган 10та автомобилдан фақат биттаси шахсга тегишли бўлиб, қолганлари “Mercedes-Benz” компанияси ҳамда автомобиль музейларига қарашли. «Кумуш ўқ» 1954 ва 1955 йилларда «Формула-1» пойгаларида етакчи бўлган.

10. “Bugatti Type 57SC Atlantic”, 1937 йил, 40 млн доллар

“Bugatti Type 57SC Atlantic”ни тайёрлаш босқичи эндигина бошланган пайтда камдан-кам одам атиги тўрт дона автомобиль ишлаб чиқарилиши мумкинлигини тахмин қилган бўлса керак. Бугунги кунда бу автомобилдан атиги икки донаси сақланиб қолган бўлиб, бири машҳур модельер Ральф Лоренга тегишли ва Парижда сақланади. Иккинчиси эса номаълум коллекционерга тегишли бўлиб, Американинг Окснард шаҳридаги “Mullin” автомобиль музейида кўргазмага қўйилган.

Манба: Xabardor.uz интернет нашри