АҚШнинг Малидаги элчиси Пол Фолмсби террорчилар томонидан гаровга олинганлар орасида бўлгани маълум қилинди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментига асосланиб, РИА Новости хабар тарқатган.

Хабарда айтилишича, дипломатик миссия аъзоларининг барчаси соғ-саломат ҳолда озод қилинган.

Бундан олдинроқ, Малидаги меҳмонхонада гаровга олинганларни озод қилиш операцияси якунлангани хабар қилинганди.

Меҳмонхона биноси ҳудудидан 27 кишининг жасади топилган.

Эслатиб ўтамиз, 20 ноябрь куни эрталаб Мали пойтахти Бамако шаҳридаги Radisson Hotel Bamako меҳмонхонасига жангарилар бостириб кирди ва 170 кишини асирга олди. Босқиндан олдин юз берган портлаш ва отишма вақтида 9 киши ҳалок бўлгани айтилганди.

Тез орада меҳмонхона атрофи ўраб олиниши бошланган ва бирин-кетин асирларни озод қилиш ишлари бошланган.

Қутқарув амалиётларига Франция жандермериясининг 40 нафар жангчиси жалб қилинган. Шунингдек, меҳмонхонани жангарилардан озод қилиш амалиётида америкалик ҳарбийлар ҳамда БМТнинг тинчликпарвар кучлар корпуси ходимлари иштирок этган.

Бу ҳужум учун жавобгарликни "Ал-Қоида"нинг Африкадаги бўлимларидан бири "Ал-Мурабитун" гуруҳи ўз зиммасига олган.