Ливанда фуқаролик самолётлари учун мўлжалланган барча ҳаво коридорлари Москванинг Ўрта Ер денгизида ҳарбий-денгиз машғулотлари бошлаши ҳақидаги огоҳлантириши туфайли уч кунга ёпиб қўйилди, деб хабар бермоқда Байрут аэропорти ходимига иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги.  

Аввалроқ Ливан транспорт вазири Москва Ливан, Кипр ва Туркияни Ўрта Ер денгизида ўз ҳарбий-денгиз флоти манёврларини бошлаши ҳақида хабардор қилиб қўйганини, бироқ Ливан ҳозирча Москванинг фуқаролик самолётлари йўналишларини ўзгартириш ҳақидаги илтимосини бошқа йўналишлар йўқлиги сабабли қондира олмаслигини айтган эди.

Байрут аэропортида маълум қилинишича, 20 ноябрь кечки пайтдан 23 ноябрь эрталабгача Ливаннинг учта ҳаво коридори ўтувчи Ўрта Ер денгизи устидаги ҳаво ҳудуди ёпиб қўйилади.   

Таъкидланишича, шу муносабат билан, аввал ишлатилмаган, Исроил билан чегара бўйлаб зтувчи битта коридорни очишга қарор қилинган.

Аэропортда таъкидланишича, шу сабабли кўплаб рейслар бекор қилиниши ёки ушланиши мумкинлиги кутилмоқда.