Қозоғистоннинг Олмаота вилояти, Талғар шаҳридаги 2-сонли мактабнинг 9-синфида таълим олувчи 15 ёшли икки нафар ўқувчиси ўртасида танаффус пайтида баҳс чиқди. Даҳанаки жанг муштлашувга айланиб кетди. Жанжалкашлар ажратилгандан кейин, улар муносабатларни мактаб ташқарисида давом эттиришга қарор қилишди. Муштлашув бўлиши ҳақида жанжалкашлардан бири ўзининг параллел синфда таҳсил олувчи дўстига хабар берди. У бола жисмонан бақувватроқ бўлиб, барча 9-синф болаларининг “таъзирини бериб қўймоқчи” бўлди. У барча ўқувчиларни бир сафга тизиб қўйиб, уларнинг кўкрак ва қорин соҳасига ура бошлаган. 

Бундай зарбалардан бири болалар орасида энг ювош бўлган боланинг ўлимига олиб келган. Полициячиларнинг дастлабки тахминига кўра, ўқувчи қоражигари ёрилганидан вафот этган. Ушбу ҳолат юзасидан судгача тергов бошланган.