Пойтахтимизда “Эртанги кун бизники, марра бизники!” шиори остида ўтказилаётган Ёшлар ҳафталигининг муҳим лойиҳаларидан бири бўлган мода ва дизайн фестивали якунланди.

Шу муносабат билан Ёшлар ижод саройида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Ҳ.Аминов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истеъдод соҳибларини аниқлаш, пухта таълим олиши учун барча шароит ва имкониятларни яратиш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўзининг юксак самараларини бераётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар салмоғини янада ошираётир.

Фестиваль давомида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат, Тошкент архитектура-қурилиш, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтлари талабалари, Республика рассомлик, республика дизайн коллежлари ўқувчиларининг коллекциялари намойиш этилди.

Унда ижодкорларнинг мато ва ранг, миллий анъана ва қадриятлар уйғунлиги, замонавийликка янгича ёндашуви асосида яратилган асарлари фестиваль иштирокчиларига манзур бўлди. Анъанавий нақшлар, инсонларнинг дунёқарашига мос турли безак элементларидан фойдаланилган либослар коллекциялари мутахассислар томонидан баҳоланди. Дизайнерларнинг иш услуби, янгиликка интилиши ва ёндашувнинг ўзига хослигига алоҳида эътибор қаратилди.

– Юртимизда истеъдодли ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, – дейди Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Либос дизайни” кафедраси доценти А.Аллаберганова. – Мазкур фестиваль ижодкор ёшларнинг мода ва дизайн борасидаги маҳоратини баҳолаш имконини берди.

Тадбир давомида ёш мутахассисларнинг гала-дефилеси ҳам бўлиб ўтди. Унда олий ўқув юртлари ўқитувчи ва талабалари, коллеж ўқувчилари, эркин ижодкорларнинг либослар тўпламлари намойиш этилди.
– Фестивалнинг “Дебют” намойишида либослар коллекциям билан иштирок этдим, – дейди ёш дизайнерСадоқат Аббосхонова. – Тўпламдаги ижодий ишларим муносиб рағбатлантирилганидан жуда хурсандман. Бу ишонч мени янада самарали ижод қилишга ундайди.

Ёшлар ҳафталиги давомида тақдим этилган кўргазма-намойишлар бўйича “Мода лабораторияси” номинациясида Регина Юсупова, “Дебют” номинациясида Эльвира Мустафина, “Театр либоси” номинациясида Ўғилой Азимова, “Халқ либоси” йўналишида Гўзал Қутпуллаева биринчи ўринни эгаллади.

Шунингдек, “Энг яхши рангтасвирчи”, “Энг яхши ҳайкалтарош”, “Энг ёш рассом”, “Дебют”, “Энг яхши ҳунарманд”, “Энг ёш амалий санъат рассоми”, “Энг ёш санъатшунос”, “Энг яхши либос дизайни”, “Энг яхши халқ костюми” йўналишларида ҳам ёш мутахассислар тақдирланди.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Барно Мелиқулова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА