Тошкентда зарурий тадбирлар ўтказилиши натижасида газ босими тақсимоти барқарорлаштирилди

Ўзбекистон 21 Ноябрь 2015 2367

Тошкентда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш давомида газ тақсимоти тизими катта кўламда реконструкция қилинди. Эски газ қувурлари тўлиқ алмаштирилди. Бунинг эвазига Тошкентнинг барча туманларида газ босими тақсимоти яхшиланди.

Совуқ тушиши ва ҳаво ҳарорати пасайиши билан табиий газ истеъмоли кескин ошади, шу туфайли газ таъминоти соҳасида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишларига катта аҳамият берилмоқда.
Жорий йилда 27,8 километрлик газ тармоқларини капитал таъмирдан чиқариш режалаштирилган эди, ҳозирда бу ишлар ўз якунига яқинлашмоқда.

Ер ости газ қувурларини таъмирлашда “қувур ичида қувур” деб аталувчи, вақт ва маблағларни тежашга имкон берувчи полиэтилен қувурларни ётқазиш замонавий усулидан фойдаланилмоқда. Газ билан таъминлаш тизимида газ бошқарувчи пунктлар муҳим бўғин бўлиб ҳисобланади. Шу муносабат билан ўрта ва юқори босимдаги 2232 та шундай пункт текширилди, аниқланган нуқсон-камчиликлар тезкорлик билан бартараф этилди, эскирган ва кам қувватли қурилмалар алмаштирилди.

Аҳолининг газ таъминоти бўйича барча шикоятлари техник кенгашда кўриб чиқилмоқда. Газ қувурларининг мустаҳкамлиги ва иш қобилияти махсус қурилмалар ёрдамида текширилмоқда. Анча чуқурликдаги газ сизишлари ва газ қувурларининг шикастланганини аниқлай олувчи замонавий қурилмалар билан жиҳозланган ер ости газ қувурларини текширувчи мобиль лаборатория 1300 кмлик газ тармоғини текшириб чиқди, барча аниқланган нуқсонлар тезкорлик билан бартараф қилинди ва 102,6 км ер усти газ қувурлари бўяб чиқилди.

Янги замонавий қурилмаларнинг ўрнатилиши герметиклиги бузилган газ қувурларидаги сизишларни бартараф қилиш имконини беради. Шу мақсадда ўрта ва паст босимдаги газ тақсимловчи тармоқларда янги технологиялар татбиқ қилинмоқда.
Табиий газдан оқилона фойдаланиш даражасини ошириш бўйича дастур ишлаб чиқилган. Газни тежаш мақсадида истеъмол қилинган газ ҳисоботини юритувчи эскириб қолган механик асбоблар ўрнига янги тежамкор, элекрон асбоблар жорий қилинмоқда. Шу билан бир қаторда эски иссиқлик қозонлари ўрнига замонавийлари ўрнатилмоқда.

Носозликлар олдини олиш ва бартараф этиш билан ер ости газ қувурлари хизмати шуғулланмоқда. Жадвалга кўра, қудуқларнинг газланганлиги мониторинг қилинмоқда, газ таъминоти трассалари айланиб чиқилмоқда, зарур бўлган ҳолларда таъмирлаш ишлари ташкил этилмоқда.

Бундан ташқари, ҳар бир туманда авариявий хизмат бўлиб, у кун давомида аҳолидан мурожаатларни қабул қилади ва ер усти газ қувурлари ва истеъмолчиларнинг газ асбобларини таъмирлаш ишларини олиб боради.
Тошкентнинг барча туманларида барқарор газ таъминоти таъминланди, барча зарур бўлган таъмирлаш ва профилактика ишлари амалга оширилди.

Кўпроқ янгиликлар