Хитойнинг Циндао шаҳрида дзюдо бўйича Гран-При турнири давом этмоқда. Мусобақада 59 давлатнинг жами 379 нафар дзюдочилари татамига чиқишяпти. Улар орасида Андрей Штурбабин бош мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси полвонлари ҳам бор.

Гран-Прининг иккинчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси ҳисоби яна битта медалга бойиди.

73 кг вазн тоифасида иштирок этган Мирали Шарипов учинчи ўрин учун Шимолий Корея вакили Чол Гван Кимга қарши жанг олиб бориб, ғалаба қозонди.

Бу вазн тоифасида чемпионлик Япония вакили Соичи Хасимотога, кумуш медал эса озарбайжонлик Рустам Оружовга насиб этган.

Бунгача, Гран-Прининг илк куни татамига чиққан 60 кг вазн тоифасидаги Шарофиддин Лутфуллаев бронза медалига сазовор бўлганди. Ўз гуруҳида аввалига хитойлик Жиан Кю Ан, кейин канадалик Серхио Пессоани мағлуб этган Лутфуллаев голландиялик Жерон Муренга ютқазиб қўйди.

Ўтиш турнирида қатнашган Лутфуллаев мўғулистонлик Херлен Гандболни мағлуб этди. Бронза медали учун кечган баҳсда эса қозоғистонлик Айбек Имашевни енгиб, совриндорлар сафидан жой олди.

Ушбу Гран-При турнирида Рио-2016 Олимпиадасига муҳим рейтинг очколари ўйналяпти. Ғолиб дзюдочи 300 рейтинг очкосига эга бўлади. Иккинчи ўрин эгалари 180, учинчи ўрин соҳиблари 120 рейтинг очкосини ўз ҳисобларига ёзиб қўйишади.