Испания чемпионатининг 12-турида азалий рақиблар “Реал” ва “Барселона” ўртасида навбатдаги “эл-класико” учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув мадридликларнинг уй майдони “Сантьяго Бернабеу”да бўлиб ўтди ва майдон эгаларининг 0:4 ҳисобидаги йирик мағлубияти билан тугади.

Учрашувнинг 11-дақиқасида Луис Суарес ҳисобни очди. 1-бўлимнинг охирида Неймар ҳисобни 0:2 кўринишига келтирди. 2-бўлим бошлангандан бироз ўтиб Андрес Иньеста “Реал” дарвозасига 3-тўпни киритди. 74-дақиқада тиниб-тинчимас Суарес учрашувдаги 2-тўпини киритди ва дубль қайд қилди.

Учрашувнинг 84-дақиқасида “Реал” ўйинчиси Иско майдондан четлатилди.

Шуни қайд этиш жоизки, учрашувнинг 57-дақиқасида Лионель Месси 26 сентябрдан бери биринчи марта майдонга тушди. Футболчи 26 сентябрда “Лас-Пальмас”га қарши учрашувда жароҳат олиб, 10-дақиқада алмаштирилган эди. Месси фаолиятида биринчи марта “Реал”га қарши учрашувни дастлабки дақиқалардан бошламади.

Айни пайтда “Барса” 30 очко билан чемпионатда етакчилик қилмоқда, “Реал” эса бу мағлубияти эвазига ундан 6 очко ортда қолган ҳолда, 2-ўринни эгалламоқда.

Шу тариқа, бу учрашув икки жамоанинг Испания чемпионатларидаги   171-учрашуви бўлди. 71 та ўйинда "Реал", 68 та ўйинда "Барса" зафар қучган, 32 учрашувда ғолиб аниқланмаган. "Реал" рақиб дарвозасига 278 та тўп, "Барса" эса 272 та тўп киритган. 

Испания Примераси. 12-тур
Реал Мадрид – Барселона – 0:4


Голлар: Суарес, 11 (0:1); Неймар, 39 (0:2); Иньеста, 53 (0:3); Суарес, 74 (0:4).
Четлатиш: Иско, 84 (Реал).