21-22-23 ноябрь кунлари Тошкентдаги "Истиқлол" санъат саройида истеъдодли Ботир Қодировнинг яккахон концерти бўлиб ўтмоқда.

Хонанданинг минглаб мухлислари санъат саройига оила аъзолари ва дўстлар билан гуруҳ-гуруҳ бўлиб келишмоқда.

Концерт кунларининг дам олиш кунларига белгилангани катта талабни ҳосил қилганини кўриш мумкин.

Бундай талаб айниқса, 22 ноябрь кунги дастурда кузатилган. Концерт ташкилотчисининг маълум қилишича, бугун концертга тушиш мақсадида келган 500 нафар атрофидаги киши чипта ололмасдан ортга қайтишга мажбур бўлди.

Маълумот берилишича, бу концерт учун чиқарилган чипталар 1 ҳафта олдиноқ сотилиб бўлгач, мухлислар талаб ва истаклари инобатга олинган ҳолда концерт ўтказиладиган кунлари кундузги сеансларга ҳам дастурлар белгилашга мажбур бўлинган.

Қайд этиш керакки, мухлисларнинг катта қизиқишларига сабаб бўлган концерт оддий эмас, балки шоу тарзида ташкил этилган. Айрим ўринларда санъаткорнинг нафақат хонандалик салоҳияти, балки актёрлик, раққослик маҳоратига ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Концерт сценарийсини тузишда халқаро тоифадаги продюсер Франки Раден таклифларидан фойдаланилган. Ундаги визуализация ва ёритиш эффектлари дастурнинг байрамона, шукуҳли ўтишига хизмат қилмоқда.